Дания AҚШга Европа Иттифоқи раҳбарларини кузатишда ёрдам берган — Европа ОАВ

AҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (NSA) Дания маълумотлар кабеллари ёрдамида Швеция, Норвегия, Франция ва Германиядаги юқори мартабали амалдорларга қарши жосуслик қилган, дея бир вақтнинг ўзида бир нечта Европа ОАВ хабар беришди. ОAВ хабарларига кўра, бунинг учун Копенгаген яқинида жойлашган марказдан фойдаланилган. Европаликларни кузатишга оид топилмалар Дания ҳарбий разведка хизмати томонидан 2012−2014 йиллардаги тергов натижалари бўлган. NSA билан боғлиқ можаро 2013 йилда, «Der Spiegel» ҳафталиги Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг баёнотларини эълон қилганида бошланган. Ўшандан бери бу воқеа тобора кўпроқ тафсилотларга тўлдирилган. Маълум бўлишича, АҚШ разведкаси кўп йиллар давомида Европадаги минглаб одамларнинг ортидан кузатиб борган, Германия фуқароларининг телефон мулоқотини тинглаган ва ҳаттоки канцлер Aнгела Меркелнинг телефонига бир неча бор уланган. — Suddeutsche Zeitung (Германия нашри), DR (Дания телерадиокомпанияси).

Европа Иттифоқи мамлакатларининг муносабати:

«Германия ҳукумати ОАВ хабарларини эътиборга олди ва барча миллий ва халқаро идоралар билан алоқада бўлган ҳолда, вазиятга ойдинлик киритади», — деди Германия Вазирлар Маҳкамаси матбуот котиби Штеффен Зайберт. Зайберт мамлакат ҳукумати махсус хизматлар фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаслигини ва улар фақат Бундестагнинг тегишли органларида муҳокама қилинишини таъкидлади. Унинг айтишича, бу ҳақда Aнгела Меркелнинг ўзи ҳам ОАВдан билиб олди.

«Бу жуда жиддий. Биз бу фактларни текшириб кўришимиз керак ва агар улар ҳақиқат бўлиб чиқса, уларни қоралашимиз керак», — деди Франция ТИВнинг давлат котиби Клемент Бон.

Швеция ва Норвегия ҳукуматлари ушбу воқеа бўйича Даниядан тушунтиришни талаб қилишди. Швед парламентининг аъзоси Енс Хольм мамлакатда кузатувга бўлган шахсларнинг исмлари тўғрисида батафсил маълумот талаб қилди.


Хитойда оилаларга учта фарзанд кўришга рухсат берилди

Хитой ҳукумати оилаларрга учта фарзанд кўришга рухсат берди. Ушбу қарор ХКП Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси мажлисида қабул қилинди. Бундай қарор мамлакатдаги демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, аҳолининг тез қариши сабабли қабул қилинган.

Хитой 1979 йилдан 2015 йилгача «бир оила — бир бола» сиёсатини олиб борган. Унинг салбий оқибатларидан бири меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг қисқариши бўлди. 2015 йилда мамлакатдаги ҳар қандай оилага икки фарзанд кўришга рухсат берилди. Шундан сўнг, ХХРда туғилиш коэффициентининг рекорд даражада ўсиши қайд этилган эди. 2020 йилда Хитойда туғилиш даражаси 2019 йилга нисбатан 30 фоизга камайгани маълум қилинди. — Синьхуа.


Aфғонистоннинг бир неча минг аҳолисига Буюк Британияга кўчиб ўтишга рухсат берилади

Британия ҳукумати мамлакат армиясига ишлаган афғон таржимонлари ва уларнинг оилалари Бирлашган Қиролликка кўчиб ўтишлари мумкинлигини маълум қилди. Ушбу қарор Буюк Британияга ёрдам берган афғонистонликлар толибонлар томонидан жазоланиши хавфи сабабли қабул қилинган. Янги тизимга кўра деярли ҳар қандай амалдаги ёки собиқ таржимон ўз лавозими, унвони ёки иш ишлаган муддатидан қатъи назар Буюк Британияга кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Бирлашган Қироллик мудофаа раҳбари Бен Уоллеснинг сўзларига кўра, тахминан 3 минг афғон таржимони ва уларнинг оила аъзолари мамлакатга кўчиб ўтишлари мумкин.

Ҳозирда мамлакатда 750 га яқин инглиз ҳарбийлари қолган, уларнинг аксарияти Кобулда хавфсизликни таъминламоқда. — Sky News.


Беларуснинг Латвия, Литва ва Польша билан чегараларида 2 мингдан ортиқ юк машиналари тўхтаб қолган

Беларус Давлат чегара қўмитаси (ДЧҚ) 31 май куни мамлакатнинг Латвия, Литва ва Польша назорат пунктларида 2 мингдан ортиқ юк машиналари борлигини маълум қилди. Улар Беларусдан қўшни давлатларга чиқиб кетиш учун навбатда турибдилар. ДЧҚнинг веб-саҳифасига кўра, маҳаллий вақт билан соат 16:00 да, аксарият юк машиналари Литва билан чекарада тўхтаб қолган. Шундай қилиб, «Котловка» назорат-ўтказиш пунктида 340 та, «Каменный Лог» пунктида 430 та, «Бенякони»да 340 та, «Привалка»да 230 дан ортиқ оғир юк машиналари ва «Видзы» назорат пунктида яна 150 та юк машинаси бор. Шунингдек, Беларус-Латвия чегарасида катта навбатлар кузатилмоқда. «Урбаны» пунктида Латвияга чиқиб кетиш учун 280 тага яқин, «Григоровщина»да — 280 та юк машинаси ўз навбатини кутмоқда. Польшага деярли 400 та юк машинаси чиқиб кетиши керак: «Берестовица» пунктида — 115 та, «Козловичи»да — 60 та, «Брузги»да — 210 та. — Беларус Давлат чегара қўмитаси.

Таъкидланишича, бундай вазият 30 май куни ҳам кузатилган.


Бразилияда президентга қарши намойишлар бўлиб ўтди

Бразилия пойтахти ва бир қатор шаҳарларида мамлакат президенти Жаир Болсонаруга қарши минглаб одамлар иштирокида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар унга импичмент эълон қилинишини талаб қилишди. Митинг қатнашчилари уни коронавирусга қарши ҳаракатсизликда айбламоқда, шунингдек, улар моддий ёрдам ва эмлашни тезлаштириш зарурлигига эътибор қаратдилар. Намойишлар Болсонаруга қарши парламентнинг текшируви фонида бўлиб ўтди. Таъкидланишича, тергов президентнинг COVID-19га қарши самарасиз курашиш билан боғлиқ. Бразилия раҳбарининг фикрига кўра, каранантин чекловларнинг жорий этилиши иқтисодиётга пандемия оқибатларидан кўра кўпроқ зарар етказади. — BBC News.


Қирғизистон собиқ бош вазири ва парламентнинг собиқ раиси коррупцияда гумон қилиниб ҳибсга олинди

Қирғизистон собиқ бош вазири Омурбек Бабанов коррупцияда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Маълумотларга кўра, Бабановга қарши иш бўйича тергов Қумтор олтин конини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишнинг турли босқичларидаги коррупция фактлари бўйича олиб борилган.

Қирғизистон парламенти собиқ раиси ва собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг укаси Aсилбек Жээнбеков ам коррупцияда гумон қилиниб ҳибсга олинди.

17 май куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси республикадаги «Кумтор голд компани» компаниясининг вакилларига қарши 4 та жиноий иш қўзғатди. Қўмита раҳбари Камчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, ушбу тергов бўйича, шунингдек, зарарли моддалар билан ишлаш, ер ва атмосфера ҳавосини ифлослантириш, музликларни йўқ қилиш, ҳамда солиқ ва суғурта қонунчилиги билан боғлиқ қоидаларни бузиш ҳолатлари ўрганилмоқда.


Шунингдек:

  • Кипр Республикасининг ҳукмрон марказий ўнг «Демократик йиғилиш» партияси 30 май куни бўлиб ўтган парламент сайловларида ғолиб бўлди.
  • Касаба уюшмалари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакилларини ўз ичига олган Колумбия Миллий иш ташлаш қўмитаси 2 июнь куни янги умуммиллий намойишлар ўтказилишини эълон қилди. Бундан аввал бундай тадбир 12 май куни ўтказилган эди. Мамлакатда солиқ ислоҳотларига қарши намойишлар 28 апрелдан бери бўлиб ўтмоқда.
  • Тунис ҳукумати 1 июндан бошлаб эмланган сайёҳлар учун салбий ПЗР тести тўғрисидаги сертификат талабини бекор қилди.
  • Aрманистон ташқи ишлар вазири Ара Айвазян расмийларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, истеъфога чиқишини эълон қилди.
  • Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Кэрри Саймондсга Лондонда яширинча уйланди. Улар бир-бирига унаштирилиши ҳақида 2020 йилнинг февралида эълон қилишган эди.
  • 30 май куни Нигериянинг Тегина шаҳридаги мактабга жангарилар ҳужум қилди. 200 нафар мактаб ўқувчилари ўғирлаб кетилди, икки киши жароҳатланди.