Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида уй-жой ширкатларининг қарздорлик масаласига ҳам тўхталиб ўтилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ширкатларнинг муддати ўтган кредиторлик қарзи 1,4 трлн сўмдан ортиб (шундан 277 млрд сўми муаммоли кредит), 950 тасининг (25 фоиз) молиявий ҳолати ўта оғир аҳволда эканлиги айтилди.

Хусусан, бундан ширкатлар Тошкент вилоятида — 209 та, Андижонда — 208 та, Самарқандда — 68 та, Жиззахда — 65 та, Қорақалпоғистонда — 46 та, Фарғонада — 26 тани ташкил этмоқда.

«Бу банкларнинг пули-ку. Сизлар банкларга „пул бер“ деб ўрганиб қолгансизлар, уларни қайтариш ҳақида ким ўйлайди?… Булар ҳам пул-ку», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қарийб 70 фоиз ширкатларнинг кредит муддатлари ҳаттоки 3−4 мартадан узайтириб берилгани билан ушбу имтиёз берилган кредитларнинг 52 фоизи сўндирилмаяпти.

«Иқтисодиётга маблағлар қайтарилмаяпти. Бу иқтисодий комплекс ишламаётганлигини англатади. Бу иқтисодиёт барометрику», — деди давлат раҳбари.

Муаммоли кредитларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри (90 млрд сўм), Андижон (35 млрд сўм), Тошкент вилояти (28 млрд сўм), Фарғона (27 млрд сўм), Сурхондарё (26 млрд сўм) ва Самарқандга (22 млрд сўм) тўғри келади.

Давлат раҳбари шунингдек, сўнгги 3 йилда умумий майдони 41 млн квадрат метрли 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилиб, кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга ошганини таъкидлади. Бунинг натижасида эса кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишнинг долзарблиги ҳам ортиб бораётгани қайд этилди.

«Бир нарсани тўғри тушуниш керак, агар инсоннинг яшаш шароити яхши бўлмаса, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлмайди, норозилик кайфияти кучаяди. Мисол учун, ўтказилган сўровларда 35 фоиз аҳоли кўп-қаватли уй-жойларга кўрсатилаётган хизматлардан мутлақо норози, 65 фоиз аҳоли ширкатлар ишини амалда сезмаяпти», — деди у.