J-United Group компанияси рекламалардаги нотўғри маълумот учун «Ашхобод» сайилгоҳи ташриф буюрувчиларига етказилган зарарни қоплаб бериши керак, деб хабар бермоқда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги.

Агентлик маълумотларига кўра, 2020 йилнинг декабрида Facebook`нинг «Потребитель.уз» гуруҳида янги йил рекламасида ваъда қилинган шартлар асосида 25−27 декабрь кунлари — янги йил байрами таъминланмаганлиги тўғрисида истеъмолчининг шикояти эълон қилинган.

Агентликнинг ўрганишларида «сайилгоҳга ташриф буюрувчиларни чалғитувчи нотўғри ва ноаниқ маълумотларни реклама баннерида жойлаштиргани» оқибатда сайилгоҳ томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари ва реклама тўғрисидаги амалдаги қонунчилик нормалари бузилгани маълум бўлди.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, ижрочи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган иш ва хизматлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.


Агентлик комиссияси J-United Group компаниясига нотўғри реклама олган бошқа истеъмолчиларга ҳам пул маблағлари кўринишидаги етказилган моддий зарар (фақат кириш учун) қайтарилишини таъминлаш бўйича кўрсатма берди.

Сайилгоҳ маъмурияти ушбу қарор ва чиқарилган кўрсатмадан норозилигини билдириб, судга мурожаат қилди. 17 май куни Тошкент туманлараро маъмурий суди Агентликнинг кўрсатмасини ўз кучида қолдириш бўйича қарорни қабул қилди. Шу тариқа, J-United Group МЧЖ чиқарилган кўрсатмани ижро этиши шарт.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига мувофиқ, 2002 йилда рўйхатдан ўтказилган J-United Group компаниясининг ягона таъсисчиси Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлиб қолмоқда.


Январь ойида «Газета.uz» Жаҳонгир Ортиқхўжаев бир қатор компанияларда ягона таъсисчи эканлиги ҳақида ёзган эди. Жумладан, Dream Production (100%, айрим тоифаларга киритилмаган бошқа машина, ускуна ва моддий бойликларни ижара ва лизингга бериш), Vedanta Production (100%, нотурар-жой биноларни ижарага бериш ва бошқариш), Ekzotella (100%, нотурар-жой биноларни ижарага бериш ва бошқариш),Sky Wind Systems (100%, маиший электроника қурилмаларини ишлаб чиқариш), Techno Profil (100%, нотурар-жой биноларни ижарага бериш ва бошқариш) ва «Ўзгазлойиҳа» (34,47%) компанияларида улушга эга. Бироқ, ҳозирги кунга келиб, у юқоридаги рўйхатдан фақат Ekzotella и Techno Profil компанияларида ўз улушини сақлаб қолган.