14 апрель куни Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Кенгашига Халқ демократик партиясидан депутат Ўктам Жабборов бир гуруҳ шахслар томонидан таёқлар билан калтакланди, дея хабар бермоқда ХДП матбуот хизмати.

Ушбу воқеа содир бўлган жойдан олинган видеолавҳалар яқинда ижтимоий тармоқларда тарқатилгандан сўнг турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Партия маълумотларига кўра, туман ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган, тергов олиб борилмоқда.

«Ҳолат юзасидан Бойсун туман ички ишлар бўлими томонидан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Суриштирув ишлари бошланганига бир ярим ойдан ошган бўлса-да, ҳамон муайян бир хулосага келинмагани, тергов ҳаракатлари чўзиб юборилгани жабрланувчи, унинг яқинларининг норозилигига, партиядошларининг хавотириига сабаб бўлмоқда», — таъкидлади ХДП.

Партия Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан мазкур жиноят иши терговини назоратга олишни, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўради.