Вазирлар Маҳкамасига кредит масаласи бўйича ёрдам сўраб келган меҳрибонлик уйларининг собиқ тарбияланувчиларига ИИО ходимлари томонидан куч ишлатилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Effect.uz хабар берди.

Самарқандаги 6-сон меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиси Наргиза Жўрақулованинг таъкидлашича, 2020 йил 26 март куни бир гуруҳ меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига Самарқанд вилоятидаги Қорасув масканидан уй-жой ажратиб берилган. Бошқа бир тарбияланувчининг аниқлик киритишича, ушбу уй-жойлар уларга вилоят ҳокими ташаббуси билан, дастлабки тўловни ҳокимият балансидан амалга оширган ҳолда кредит асосида олиб берилган.

«Биз кредитга олинган уйни ойма-ой 2,5 млн сўм тўлаш керак бўлишини билмагандик. Банк кетма-кет қарз ёзишини билмасдик, 16 млндан 18 млн сўмгача қарзи бор болаларнинг. Пул ўз вақтида тўланмаса, уйни олиб қўяди», — дейди у.

Меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчилари 21 май куни кечки пайт Самарқанд вилоятидан Тошкентга етиб келади ва Вазирлар Маҳкамаси олдидаги пиёдалар ўтиш ер ости туннелида тунаб қолишади. Эрталаб улар Вазирлар Маҳкамаси қабулига боришган.

Фото: Effect.uz

Наргиза Жўрақулованинг айтишича, улар Вазирлар Маҳкамаси масъули Салимов Шерзод билан суҳбаталашаётганда ҳали тасдиқланмаган ҳужжатни расмга туширишга рухсат йўқлиги учун суҳбатни видеога олмоқчи бўлган. «Видеога оламиз деганда розилик ҳам, эътироз ҳам билдирмади», — дейди Жўрақулова.

Унинг айтишича, видеога олаётган пайтда аризалар бўлими бошлиғи гуруҳни ҳақоратлаган: «Сенлар етимсанлар. Етимларга қанча берсанг, шунча тўймайди, ношукурсанлар».

«Мен сизни ҳозир видеога олиб интернетга тарқатаман. Нотўғри гап гапиряпсиз, етимларнинг ҳам ўрни бор жамиятда», дея жавоб қайтаради Наргиза. Шу пайтда уларнинг орқасида турган формасиз ички ишлар ходими унинг телефонини тортиб олмоқчи бўлади. Қўлини қайириб, ерга йиқитади.

Наргиза Жўрақулованинг таъкидлашича, қўлини қаттиқ қайиришгани учун унинг қўли кўкарган. У ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қўлини қайирган одамни тишламоқчи бўлгани учун ИИО ходими танасидаги ҳамма жароҳатларни унинг бўйнига қўйишини айтиб, таҳдид қилган.

Воқеа иштирокчилари ушбу шахснинг ички ишлар ходими эканлигини билишмаганини, у ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаганлигини айтишади. «Кейин билсак, исми Азиз ака экан», дейди улардан бири.

«Ҳаммамиз ўзимизни ҳимоя қилмоқчи бўлганда, ички ишлар ходимлари кўпайиб кетиб, ҳамманинг қўлини қайириб, ерда уриб, судрашиб, ҳомиладор аёлни ҳам итариб, мошинага солиб, олиб кетишди», — дейди Жўрақулова.

Гуруҳ билан бирга Вазирлар Маҳкамасига келган Бадриддинов Зуфар (Самарқанддаги 10-сонли меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиси) Наргиза билан ички ишлар ходимини ажратмоқчи бўлганида, орқасидан формада бўлган ички ишлар ходими келиб, буғади. «Исми Тимур эди, рядовой эди», — дейди у.

Вазирлар Маҳкамасига турмуш ўртоғи билан борган, ҳомиладор аёл, Тошқулова Муҳайё ички ишлар ходими уни итариб юборганини, ТошМИда унга «бола тушиш хавфи» диагнози қўйилганлигини айтмоқда.

«Зуфар акани буғганида, мен ёнида турувдим. Буғгандан кейин „қўйворинг“ деб олдига борганимда, бошқа қўли билан итариб юборди. Буғганидан нафас ололмай, кўкариб кетди. У нарсани кўриб мен қалтираб қолдим, стрессга тушиб қолдим», — дейди у.

Муҳайёнинг турмуш ўртоғи барча далиллари — кўкарганлар бўйича, рентгенлар, хотинига ТошМИдан берган справкалар — борлигини таъкидлайди.

«Қонун устувор бўлса, биз талаб қиламиз, Вазирлар Маҳкамаси оддий ташкилот эмас, у ерда камералар бор эди, ички ишлар ходимида боди камера бор эди, барча ҳолатни ёзиб олган бўлиши керак», — дейди у.

Меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчилари Юнусобод тумани ИИО ФМБ биносига олиб келинган. Наргиза Жўрақулова 12 соат, қолганлар 10 соатча ички ишлар биносида ушлаб турилган. Жўрақулова телефонидаги видеолар тазйиқлар билан ўчиртирилганини қайд этмоқда.

Воқеа иштирокчиларининг айтишича, улар ички ишлар биносида сақланган вақт давомида уларга ёрдам кўрсатилмаган, тез тиббий ёрдам чақирилмаган.

Воқеа юзасидан, Тошкент шаҳар ИИББ муносабат билдириб, ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан назоратга олинганлигини таъкидлади.

Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.