Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мактаблари битирувчиларига табрикнома йўллади. Давлат раҳбарининг бу каби табриги илк бор эълон қилинмоқда.

«Аввало, барчангизни беғубор ўқувчилик йилларингизни ортда қолдириб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашиб, ҳаётингизнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман», — деди президент. Бу йили қарийб 438 минг нафар ўқувчи ёшлар етуклик шаҳодатномаларини қўлга олмоқда.

«Бу нафақат сиз, азиз фарзандларимиз, балки биз — ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Чунки, қалби пок орзу-умидлар билан тўлган сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз», — дейилади табрикномада.

«Сизлар кейинги икки йил давомида пандемия шароитида ўқиб ва яшаб, қийинчиликларга қарши курашиш кўникмаларини ҳам эгаллашингизга тўғри келди. Албатта, бу мураккаб синовли кунлар ҳадемай ўтмишга айланади», — деди давлат раҳбари.

«Ишончим комил, янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз», — деди у.

Табрикномада таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳам санаб ўтилган.

Тўрт йил ичида 134 та янги мактаб қурилиб, 2 минг 965 та мактаб реконструкция қилинди. Ҳозирда республикада 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 56 та — математика, 28 та — кимё-биология, 14 та — ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.

Cўнгги вақтларда физика ва чет тилларига ихтисослаштирилган мактаблар очишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Сентябрь ойида 14 та физика ва 207 та чет тилларига ихтисослаштирилган мактаб ўз фаолиятини бошлайди, деб маълум қилди Шавкат Мирзиёев.

«Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етди. Мазкур кўрсаткични жорий йилда 28 фоизга, 2030 йилда 50 фоизга етказиш — асосий вазифамиздир», — дея таъкидлади президент.

«Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум сизларга мунтазирдир. Сизлар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти ҳам яратилган. Шу мақсадда 71 та олий таълим муассасасида сиртқи, 18 та олийгоҳда кечки бўлимлар фаолият кўрсатмоқда», — деди давлат раҳбари.

Иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларидаги эҳтиёждан келиб чиқиб, сўнгги 5 йилда бакалавриат босқичида 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил этилди. ОТМларда 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич масофавий таълим шаклида ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

«Азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида дунёнинг энг илғор олийгоҳлари билан ҳамкорликда халқаро талаблар асосида ташкил этилаётган — „Янги Ўзбекистон“ университети ҳам сиз, азиз ёшларимизни жорий йилдан ўз бағрига чорлайди», — деди у.

«Мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди. Ҳеч қачон унутманг - сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар», — дея битирувчиларга юзланди Шавкат Мирзиёев.

«Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг! Сизларнинг ўз олдингизга юқори мақсадлар қўйиб, вақтингизни беҳуда ўтказмай, доимо билим ва кўникмаларингизни ошириб боришингиз, янги касб-ҳунарларни эгаллашингиз ва энг асосийси ўз мақсадингиз сари тинмай ҳаракат қилишингиз албатта келгусидаги муваффақиятларингиз гаровидир. Ўрганиш, изланиш ва интилишдан асло тўхтаманг!», — деди давлат раҳбари.

«Барчангизга сиҳат-саломатлик, ишда ва ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман. Менинг азиз ўғил-қизларим, мустақил ва катта ҳаётга қўйган илк қадамингиз ишончли ва муваффақиятли бўлсин! Мен сизларга ишонаман, менинг ёш дўстларим!» — дея якунлади Шавкат Мирзиёев.