Январь-апрель ойларида Ўзбекистонда жами 2242 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Авариялар натижасида 557 киши ҳалок бўлган бўлса, яна 1684 киши жароҳатланган, деб хабар бермоқда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Вилоятлар кесимида энг кўп ЙТҲ Фарғона вилоятига тўғри келмоқда — 328 та (биринчи чоракда — 210 та). Қолаверса, Тошкент вилоятида — 307 та (208 та) ҳамда Тошкент шаҳрида — 286 та (170 та) бахтсиз ҳодисалар қайд этилган.

938 та (биринчи чоракда — 620 та) авария пиёдалар, 146 таси (162 та) велосипедчилар, 243 таси (95 та) болалар ва 12 таси (10 та) мотоцикл ҳайдовчилари иштирокида содир бўлди. Бундан кўриниб турибдики, биринчи чоракка қараганда апрель ойининг ўзида пиёдалар (318 та) ҳамда болалар (148 та) билан боғлиқ авариялар сони кескин ошган.

Инфографика ИИВ ЙҲХББ томонидан бирламчи маълумотлар асосида тайёрланган.

Авариялар юзага келишига сабаб бўлган омиллар қаторида тезликни ошириш — 32,4 фоиз, пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан ўтиш — 16,2 фоиз, устувор ҳуқуққа эга транспорт воситасини ўтказиб юбормаслик — 11,6 фоиз, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 9,3 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, 4 фоиз авария йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ва йўллардаги носозликлар, яна 4,1 фоизи эса велойўлаклар бўлмаган жойларда уларни уриб юбориш каби ҳолатларга тўғри келмоқда.

Қолаверса, ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги барча аварияларнинг 5,9 фоизига сабаб бўлган бўлса, рулда ухлаб қолиш 5,5 фоиз, автомобилни маст ҳолатда бошқариш 3,1 фоиз ЙТҲга олиб келган. Бошқа сабаблар билан боғлиқ ҳолатлар эса 7,9 фоизни ташкил этган.

Аввалроқ, «Газета.uz» 2021 йилнинг биринчи чорагида мамлакатда содир бўлган 1491 та йўл транспорт ҳодисаси оқибатида 1168 киши жароҳатлангани, 394 киши эса вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ўзбекистонда 6982 та ЙТҲ содир бўлган, уларнинг 1689 таси ўлим билан боғлиқ. Бунинг оқибатида 1962 киши оламдан ўтган. ЙТҲларда жами 6591 киши жароҳатланган.