Ўзбекистон мусулмонлари идораси Шарқий Қуддусдаги мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишда, дея хабар бермоқда идора ахборот хизмати.

«Жаҳон ҳамжамияти Фаластин-Исроил муаммосини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, тинч йўл билан ҳал этилиши зарурлигини бот-бот таъкидламоқда. Зеро, Ислом дини — аввало, тинчлик ва дўстликка, аҳиллик ва бирдамликка ҳамда бағрикенгликка даъват этади», — дея қайд этди идора.

«Ал-Ақсо масжиди Ислом дини манбаларида келтирилган уч муқаддас масжиддан биридир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: „Уловлар фақат учта масжид томонгагина жиҳозланади: Масжиди Ҳаром, менинг ушбу масжидим ва Масжиди Ақсо“», — дейилади хабарда.

Шу сабабли, Қуддус шаҳрида жойлашган муқаддас макон — Масжиди Ақсо ёхуд Байтул Мақдис Маккадаги Масжидул Ҳаромдан кейин қурилган энг қадимги масжид ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси «ҳозирги қалтис вазиятда давлатлар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш энг тўғри йўл», деб ҳисоблайди.

«Айни вақтда, мўмин-мусулмонларни мавжуд воқеликни Қуддусдаги вазият билан боғлаган ҳолда ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз», — дейилади хабарда.