«Психиатрия ёрдами тўғрисида» ги Қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, президент томонидан имзоланди. Бу хақда Huquqiy axborot Telegram канали хабар бермоқда.

Қонунга «маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш», «психиатрия ёрдами», «руҳий ҳолатнинг бузилиши» ва бошқа бир қатор асосий тушунчалар киритилди.

Ушбу қонун билан руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилди.

Хусусан, улар ўзида мавжуд бўлган руҳий ҳолати бузилишининг хусусияти ва қўлланилаётган даволаш усуллари ҳақидаги ахборотни ўзи учун тушунарли шаклда, ўз вақтида ҳамда тўлиқ олиш, шунингдек стационар шароитларда психиатрия ёрдами кўрсатадиган тиббиёт муассасасида фақат психиатрия ёрдами кўрсатиш учун зарур бўлган муддат мобайнида бўлиш ҳуқуқига эга.

Қонунга асосан, психиатрия текширувидан ўтказиш текширилаётган шахсда руҳий ҳолати бузилишининг мавжудлигини, психиатрия ёрдами кўрсатишга бўлган заруриятни аниқлаш, шунингдек бундай ёрдам тури ҳақидаги масалани ҳал қилиш учун амалга оширилади.

Шунингдек, психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга шахслар доираси аниқ белгилаб қўйилди. Унга кўра, махсус олий тиббий маълумотга эга тиббиёт ходимлари (шифокор-психиатр, тиббий психолог ва психотерапевт) психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Қонун билан диспансер кузатувида турган руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ягона электрон реестри юритилиши белгиланди.

Norma ҳуқуқий ахборот портали қўшимча қилишича, руҳий касалликларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича хусусий тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Мажбурий равишда психиатрия ёрдамини кўрсатиш зарурлиги тўғрисидаги қарор ёки ушбу масалани кўриб чиқиш учун хулоса бериш фақат психиатрлар комиссияси томонидан амалга оширилади.

Электрон реестрга фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланган шахсларга ва унда сақланган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда кириш рухсат этилади.