14 май куни Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилган президент Шавкат Мирзиёев қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш, бўлажак ташрифгача реал келишувларни тайёр қилиб қўйиш бўйича аниқ йўналишларни белгилаб берган.

Бу ҳақда душан кунги брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Маълумотга кўра, эндиликда барча битимлар «пишиқ-пухта бўлиши, уларнинг молиялаштириш манбалари, ижрочи ва муддатлари аниқ» бўлиши лозим.

Шу маънода, бўлажак музокаралар якунида ҳадли меморандумлар бўлмайди. Аниқ вазифаларни ўзида мужассам этган ўзаро англашув келишувлари имзоланади, дея аниқлик киритди Шерзод Асадов.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи 10−12 июнь кунларига мўлжалланаётгани ҳақида ёзган эдик. Шунингдек, давлат раҳбари Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида Хўжанд шаҳрига бориши, у ерда Сўғд ва унга чегарадош ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда музокаралар ўтказиши маълум қилинган эди.