12 май куни президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишда экспорт ҳажмини оширишга ҳам эътибор қаратди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Бош вазир ўринбосари, ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқовга тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари билан бирга биринчи ярим йилликда экспорт ҳажмини 5,2 млрд долларга етказишни таъминлаши бўйича топшириқ берилди.

Бош вазир ўринбосари Шухрат Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев вилоят ҳокимлари билан бирга, январь-апрель ойларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича бажарилмаган 169 млн доллар ўрнини иккинчи чоракда тўлиқ қоплаши кераклиги қайд этилди.

Жумладан, Фарғона — 50 млн доллар, Андижон — 29 млн доллар, Тошкент вилояти — 22 млн доллар, Наманган — 17 млн доллар, Самарқанд — 11 млн доллар.

Шунингдек, Сардор Умурзоқов (бош вазир ўринбосари, ташқи савдо ва инвестициялар вазири — таҳр.) иккинчи ярим йиллик учун маҳаллий маҳсулотлар экспортини ошириш мақсадида, GSP+ имкониятларидан кенг фойдаланиши зарурлиги айтиб ўтилди. Жумладан, «Ўзстандарт» ва «Ўзтўқимачиликсаноат» май-июнь ойларида камида 10 та тўқимачилик корхонасида OEKO-TEX стандартларини жорий этиб, йил якунига қадар 50 тага етказилиши белгиланди.

«Стандартларсиз биз хориж бозорларига кириб бора олмаймиз… Стандартларимизни йўлга қўймас эканмиз, кундан кунга ривожланиб бораётган бозорда рақобатлаша олмай қоламиз», — деди президент.

Шунингдек, икки ой муддатда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, «BSI», «CIE», «Global gap» каби халқаро стандартлар бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, маҳаллий корхоналар мутахассисларини жойларда ўқишини ташкил қилиш вазифаси юклатилди.