Президент раислигида макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев сўз аввалида соҳаларда нафақат вазир ва ҳокимлар балки уларнинг ўринбосарлари ҳам бирдек жавобгар эканлигини ҳақида гапирди.

«Коронавирус бутун дунёга ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Биз ўтган йили ҳам айтгандик, яна бир бор таъкидлайман: биз шу шароитда ишлашга ўрганишимиз керак… Бугун ҳар бир тармоқ раҳбари бирор муаммо бўлса айтиши керак. Ҳар масаланинг ечимини топиш шарт. Ура-ура қиладиган раҳбарлар керак эмас. Мураккаб пандемия даврида иқтисодий барқарорликни таъминлаш керак. Вазирликларда вертикал тизим ишламаяпти. Вазирнинг ташаббускорлиги етишмаяпти. Ҳар бир вазирнинг ўринбосари ҳам қонун доирасида масъулият ва жавобгарликни ўзига олиши керак…», — деди давлат раҳбари.

Президент вилоят ҳокимларининг ўринбосарларида маъсулият етишмаётганлигини танқид қилди.

«Вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари ҳам масъулияти ва жавобгарлигини билиши керак. Ҳар чоракда ўринбосарлар ўзига юклатилган вазифани қила олмаса, аравани торта олмаса, ишдан бўшатиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.