Янги ўқув йилидан «Ўзбек тили»ни ўқитишда 4 кўникмага таянилади, дея хабар бермоқда Республика таълим маркази ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, таълим тили ўзга тилда бўлган синфларда давлат тили — ўзбек тили ҳам чет тили каби ўргатилади. Миллий ўқув дастури асосида ўзга миллат вакиллари учун 2-синф «Ўзбек тили» дарслиги яратилди. Ушбу дарслик 2021−2022-ўқув йилида амалиётга жорий этилади.

Ўзбек тилини чет тили сифатида ўқитиш кўзда тутилган янги дарсликлар тил ўргатишнинг халқаро стандартлари асосида яратилмоқда. Бунда:

Нутқий компетенциялар:

  • актив — гапириш, ёзиш;
  • пассив — ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш.

Лексик компетенциялар:

  • грамматика;
  • лексика — А1, А2, B1, B2 кўринишида синфлар кесимида тақсимланган.

Қайд этилишича, айни пайтда яратилган дарсликда ўз даври учун муҳим бўлган яна бир қанча қулайликлар мавжуд. Улар ҳам ўқувчида тил ўрганиш кўникмасини фаоллаштиради:

  • Ўқув дарслиги асосида ўқитувчи китоби ва ўқувчи машқ дафтари жорий этилди;
  • Лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбоси, ҳафта кунлари, саноқ сонлар илк бора ўзбек тилида MP3 форматда болажонлар тилидан қўшиқ қилиб куйланди ва QR-код орқали китоб саҳифаларидан ўрин олди;
  • Иккинчи тил китобларидаги луғат-таржималар, одатда, икки тилда ҳавола қилинган бўлса, эндиликда улар кенг аудиторияни ҳисобга олиб қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, тожик, рус ва инглиз тилларига ҳам таржима қилиниб QR-код тизими орқали жойлаштириляпти;
  • Замонавий дарсликни яратишда тез айтиш, топишмоқ, ўйлаб топ, илон изи, «ҳа/йўқ», Т-схема, мантиқан ўйлаб топ, ребус, судоку, мунстерберг, шмуц, расмлар ўрнига сўзларни жойла, комикс каби методлардан фойдаланилди;
  • Ўқувчининг психологик, ёш хусусиятлари ҳам ҳисобга олиниб, расмлар 70%, матнлар 30% ўрин эгаллаган;
  • Фанлараро интеграция (STEAM) тўла таъминланган.