Мактабларда ўқувчиларнинг бўлиш вақти Face ID тизими орқали назорат қилиниши жорий этилади. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган Қўшма Ҳайъат мажлисида маълум қилди дея хабар бермоқда ЎзА.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи полковник Бахтиёр Бердиалиев мактабларда давомат тадбирларини ўтказишда сусткашликларга йўл қўйилиши, ўқувчиларни назоратсиз қолдириш ҳамда профилактика инспекторлари ва мактаб раҳбариятининг ўзаро ҳамкорлик олиб бормаганлиги оқибатида йўқ қўйилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар масаласига тўхталиб ўтди.

Ўқувчиларни назорат қилиш ва ота-оналар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида мактабларда face id тизимини жорий этиш, таълим сифатини ошириш мақсадида синф хоналарига овозли камералар ўрнатиш ва уларни ички ишлар органлари ҳамда профилактика инспекторлари билан интеграциялашувини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади, дейилади хабарда.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов жорий этилаётган мазкур тизим унда чуқур безовталик уйғотганини таъкидлади.

«Ўзбекистонда тоталитар назорат тафаккури жуда ҳам кучли зеҳният сифатида сақланиб қолаяпди. Яъни, эркин ва масъулиятли одамни шакллантириш, ҳур ва эркин руҳиятни парваришлаш эмас, одамларга ишонмаслик ва улар устидан давлат назоратини муттасил ушлаб туриш сиёсий тизими яна кучайиб бормоқда. Тоталитаризм, диктатура, назорат тизими ҳар доим жамиятдаги иллатлар ва адолатсизликлар номи билан парвариш қилинади. Ҳар доим шундай бўлган. Лекин, фақат заиф жамиятлар ва авторитар бошқарувга мойил кучларгина жамият эркидан воз кечиб, назорат тизимини кенгайишига, одамларни муттасил назорат тизимига бўйсундиришга интилишган», — дея таъкидлайди Раббимов.

«Мактаб ўқувчилари — келажак пойдевори. Улар бугун мактабларда камералар остида фикрлашга, ўйлашга, қолипда бўлишга мажбурланса, йиллар ўтиб, улар Ўзбекистонни тўлақонли тоталитар давлатга айланиши учун мустаҳкам маданий-маънавий асос бўлиб хизмат қилади. Эркин давлатларни биронтасида, синф хоналари у ёқда турсин, мактаб ҳовлиси ёки атрофи ҳам камералар билан кузатилмайди. Болалар имкон қадар эркин бўлиши учун барча шароитлар яратилиб берилади. Куч ишлатар тизимларига ташаббус ва имконият берилса, улар бажонидил бутун жамиятни назорат қилишдан хурсанд бўлади. Лекин, эркин бўлмаган Ўзбекистон ривожлана олмайди. Аксинча, куч ишлатар тизимларини ўзлари жамият назоратида бўлиши керак. Ҳозирча, акси бўлаяпди», — деб ёзади у.