UzAssets инвестиция компанияси «очиқ савдо жараёни йўли билан» Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини (ФНҚИЗ) 100 фоиз сотиш мўлжалланаётгани ҳақида эълон қилди.

ФНҚИЗ кўрсаткичлари тўғрисида

UzAssets маълумотларига кўра, Фарғона НҚИЗ — нефтни қайта ишлаш ҳажми бўйича Ўзбекистонда иккинчи ўринда туради. 478 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бинолари 190 минг кв. м.ни эгаллайди.

Жорий ишлаб чиқариш қуввати — йилига 2 миллион тонна маҳсулот, утилизация коэффициенти 2020 йилда — 50 фоизга яқин.

Заводда 60 турдаги нефт маҳсулотлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари, шу жумладан «Евро-4» ва «Евро-5» стандартлари бўйича дизел ёқилғиси (2021 йилдан) ишлаб чиқарилади.

2020 йилда 900 минг тоннадан зиёд хом нефт қайта ишланди (шундан 422 минг тоннаси — толлинг), 822 минг тонна нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

2020 йилги даромад 231 миллион долларни, ялпи фойда эса 54 миллион долларни ташкил этди. Сўнгги уч йилда ўртача йиллик соф фойдаси 19 миллион долларни ташкил этади.

Маҳсулотнинг қарийб 94 фоизи маҳаллий бозорга сотилади, қолган қисми экспорт қилинади. ФНПЗда тахминан 6500 киши ишлайди.

UzAssets ариза топшириш жараёни барча учун очиқ эканини маълум қилди. Қизиқиш билдирган шахслар 28 майга қадар инглиз, рус ёки ўзбек тилларида ёзма кўринишда ариза топширишлари мумкин.

Хусусийлаштиришга бўлган аввалги уринишлар

Президентнинг 2019 йил 10 апрелдаги қарорига биноан (ҳанузгача кучда) Индонезиянинг PT Trans Asia Resources компанияси «Ўзнефтмаҳсулот»нинг ФНҚИЗдаги 100% улушини 16 миллион долларлик дастлабки тўлов билан олиши керак эди. 25 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан (ҳали ҳам амалда) давлат улушини амалга ошириш, жумладан, ФНҚИЗ айланма маблағлари учун камида 120 миллион доллар жалб қилиш шартлари баён этилди. Бундан ташқари, компания раҳбарлари ўзбекистонлик Аъзам ва Омон Аслановлар заводни модернизация қилиш ва уни янада ривожлантириш бўйича режалари ҳақида сўзлаб беришган эди.

PT Trans Asia Resources компанияси 2019 йил 31 декабрга қадар сотиб олиш бўйича устувор ҳуқуққа эга бўлди, бироқ якунда келишув амалга ошмади.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг хабар беришича, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини Jizzakh Petroleum МЧЖнинг ишончли бошқарувига ўтказишга қарор қилинди. Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси 2017 йил июнь ойида «Ўзбекнефтгаз» ва Gas Project Development Central Asia томонидан ташкил этилган. Лойиҳага мувофиқ устав капиталидаги иштирокчилар улуши «Ўзбекнефтгаз» улушининг 60 фоиздан 30 фоизгача пасайиши ва хорижий муассисларнинг улушининг 40 фоиздан 70 фоизгача ўсиши билан қайта тақсимланди.

2020 йил июнь ойида таъсисчилар таркиби қуйидагича кўринишга эга эди: Кипрдан Belvor Holding Limited (68%), «Ўзбекнефтгаз» (30%) ва Gas Project Development Central Asia (2%), ҳозирда эса «Ўзбекнефтгаз» ва Belvor Holding Limited ўртасидаги акциялар 49 фоиздан тақсимланган. Jizzakh Petroleum раҳбари — илгари «Ўзбекнефтгаз» раиси ва иқтисодиёт вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган Шокир Файзуллаев.

Шунингдек, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 300 миллион долларга модернизация қилиниши ҳақида хабар берилган эди. Jizzakh Petroleum 2023 йил ўрталаридан бошлаб ўз базасида АИ-92 бензини ва «Евро-5» дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган.