Публицист Шуҳрат Ризаевнинг Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовнинг вафоти тафсилотлари баён қилинган мақоласи жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ўшанда Ризаев 10 апрель куни тушдан кейин артистдан келган хабарни эълон қилган эди.

«Ассалому алайкум Шуҳрат акажон! Менга кўп ёрдам бергансиз, яна бир ёрдам қилинг. 18 кундан бери коронавирусга чалиниб, Зангиотада ётибман. Саккиз кишилик хонада — «Ачавотта"ман гўё. Шовқин, бақир-чақир ичидаман. Кетиб қоладиганга ўхшайман. Бирон раҳбарларимизга айтинг, мени шароити тузукроқ жойга ўтказиб беришсин, аёлимни чақиришсин, менга Тожибар ўзи қарамаса, бошқа биров қарай олмайди», дейилган хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, мутахассисларнинг фикрини ўрганди. Қолаверса, марҳумнинг яқинлари билан ҳам боғланган.


Маълум бўлишича, марҳум М. Азизов Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига шу йилнинг 23 март куни мурожаат қилган. Беморда коронавирусга ПЗР тест таҳлили мусбат, ўпка тўқимаси 60−65 фоизгача зарарлангани ва сатурация даражаси 78−80 фоиз бўлгани учун беморнинг умумий аҳволи оғир деб баҳоланиб, шифохонанинг Б-блокидаги 2-реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморнинг касаллик тарихи ўрганилганда, шифохонага келишидан олдин 17 март куни ҳам ПЗР тест таҳлили топширгани ва таҳлил натижаси мусбат чиққани маълум бўлган. 18 март санасида эса беморда тана ҳароратининг 38 С даражагача кўтарилиши, нафас олишининг қийинлашиши, умумий ҳолсизлик кузатилган.

Шифохонага боргунга қадар уй шаротида 4 кун давомида даволанган. 22 март куни турмуш ўртоғи ва фарзандларида ҳам тана ҳарорати кўтарилиши кузатилганлиги сабабли бемор билан биргаликда 23 март кунида Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига мурожат қилган.

Реанимация зали. Фото: ССВ.

Шифохона директори Дониёр Миразимов беморлар нима учун реанимацион залга жойлаштириши кераклиги ҳақида атрофлича тушинтириш берди. Унинг айтишича, шифохона реанимация бўлими 36 нафар беморга мўлжалланган 6 та залдан иборат. Бу жаҳон стандартларига мослиги айтилмоқда.

«Бутун дунё шифохоналарининг реанимация бўлимларида бўлгани каби бир залда 6 нафар ўта оғир беморга реанимацион ва интенсив ёрдам кўрсатилади. Ҳар бир залда 1 та реанимацион пост ташкил қилинган бўлиб, 1 нафар реаниматолог шифокор, 2 нафар реанимация ҳамшираси, 1 нафар кичик тиббий ходим суткасига 3 сменада доимий равишда беморларни назорат қилиб туради», — деди Миразимов.

Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов. Фото: ССВ.

Унинг сўзларига кўра, бу тартиб нафақат Ўзбекистон балки хорижий давлатлар шифохоналарида ҳам жорий этилган.

«Фақат бизнинг шифохонада эмас, балки дунёдаги энг етакчи клиникалар, масалан, Исроилдаги Ичилов маркази ва Ассута маркази, AҚШдаги Жонс Хопкинс университети шифохонаси ва Седарс-Синай тиббиёт мажмуаси, Германиядаги Мюнхен университети клиникаси ва Шарите тиббиёт мажмуаси, Жанубий Кореядаги Гачон тиббиёт университетининг Гиль шифохонаси ва Буюк Британиядаги Грейт-Ормонд-стрит шифохоналарининг реанимацион бўлимларида ҳам худди шундай тартиб жорий қилинган», — деди шифохона директори.

Миразимов шуниндек, реанимацияга олинган бемор алоҳида хонага ўтказилса, бир қанча муаммолар юзага келишини ҳам қўшимча қилган.

«Реанимацион залда биргина кардиомонитор қурилмаси орқали 6 та беморнинг кўрсаткичларини бир вақтнинг ўзида назорат қилиб туриш мумкин. Бундай беморларни алоҳида хонага жойлаштиришнинг қийинчилиги шундаки, агар беморнинг аҳволи оғирлашгудек бўлса, асосий мутахассислар унинг ёнига зудлик билан етиб бориши учун вақт кетиши мумкин. Бизни танқид қилувчи ҳамюртларимиз бундай вазиятда бир сониянинг ҳам аҳамияти бебаҳо эканини ўйлаб фикр билдирганлари яхши эди», — деди у.

Бундан ташқари, бир ой давомида Мирза Азизовни даволашга раҳбарлик қилган реанимация бўлими бошлиғи Бегали Ҳакимов артистга даво муолажалари хорижлик шифокорлар тавсияси асосида қилинганини айтди.

«Шифохонамиздаги бошқа оғир аҳволда ётган беморлар қатори марҳум М.Азизовнинг ҳам аҳволи нафақат мамлакатимиздаги етакчи шифокорлар, балки жаҳоннинг соҳадаги энг нуфузли мутахассис олимлари томонидан ўрганилиб, керакли тавсиялар олиб турилди, — дейди Ҳакимов. — Хусусан, охирги марта Москва Соғликни сақлаш бошқармаси бош реаниматологи, профессор, тиббиёт фанлари доктори М.Н.Замятин ҳамда юртимизнинг етакчи профессорлари иштирокида бемор бевосита тиббий кўрикдан ўтказилиб, консультациялар ташкил қилинди. Уларнинг тиббий кўрсатма ва маслаҳатлари асосида интенсив даво муолажалари давом эттирилди».

Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси 2-реанимация бўлими бошлиғи Бегали Ҳакимов. Фото: ССВ.

Таъкидланишича, беморнинг турмуш ўртоғи Тожибар Азизованинг ҳолати 9 кунда, бошқа оила аъзоларининг ҳам соғлиги 7 кунда яхшиланиб, тузалгани учун уйига рухсат берилган. Кейинчалик Азизовнинг талабига кўра, турмуш ўртоғи унга қаровчи сифатида чақирилган.

«Бироқ бемордаги юрак ишемик касаллиги, хафақон касаллиги 2−3 даражаси, қандли диабетнинг 2-тури, семизлик 2-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар фонида унинг умумий аҳволи оғирлашиб борди. 5 апрель куни қайта ўтказилган МСКТ текширувида ўпка тўқимасининг зарарланиши 70−75 фоизга ошгани кузатилди», — деди реанимация бўлими бошлиғи.

Шу йилнинг 16 апрель куни олиб борилган интенсив даво муолажаларига қарамасдан, беморда клиник ўлим холати, яъни юрак фаолиятининг тўхташи кузатилган. Беморда ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан биологик ўлим ҳолати қайд этилган.

Хабарда айтилишича, беморда ўтказилган интенсив даво чораларининг ҳар бир босқичини унинг турмуш ўртоғи кузатиб борган.

«Очиғини айтсам, мен фақат кўрган нарсаларимгагина ишонаман. Шу боис, умр йўлдошимнинг сўнгги кунига қадар ёнида бўлган инсон сифатида шуни ишонч билан айта оламанки, ушбу муассасада меҳнат қилаётган кичик ходимдан тортиб, ҳамшира, фельдшер ва шифокорларгача Мирза акамнинг соғайиб кетишлари учун юракдан ишлашди. Ишонинг, қўлларидан нима келса, қайси даво муолажаси зарур бўлса, амалга оширдилар», — деди Тожибар Азизова.

Реанимация хали. Фото: ССВ.

Унинг қўшимча қилишича, Мирза Азизов нозиктаъб шахс бўлган ва даволаниш вақтида тушкунликка тушиб қолган.

«Раҳматли турмуш ўртоғим табиатан нозиктаъб инсон эдилар. Шифокорларнинг қатъий талабларига ҳам унча эътибор бермасдан, бироз эркалик қилганлари бор гап. Ўзлари „мендан оғир аҳволдаги беморлар ҳам соғайиб чиқяпти, менинг аҳволим ўнгланмаяпти“ деган гапни кўп айтдилар. Орадан бироз вақт ўтиб, ўйлаб кўрсам, шифокорларнинг талабларини сўзсиз бажарганимизда Мирза акамни сақлаб қолиш мумкинмиди, деган хаёлга бораман», — деди артистнинг турмуш ўртоғи.

Қолаверса, у шифокор ва ҳамширалар ғамхўрлигидан бир умр миннатдорлигини маълум қилган.

«Қанийди, шифохонага киришга имкон бўлсаю, ўша ердаги барча ҳамшира ва шифокорларни бир-бир бағримга босиб, уларга беминнат хизматлари учун раҳматлар айтсам», — дейди Тожибар Азизова.

Аввалроқ, Мирза Азизовнинг 25 кун реанимацияда бўлиб, коронавирус билан курашгани ҳақида ёзган эдик.