Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида ҳозирги кунда қуйи палатада кўриб чиқилаётган «Давлат тили тўғрисида» ги қонунга киритилган ўзгартиришлар, ушбу соҳадаги ислоҳотлар ва вице-спикер, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодировнинг фикри ҳақида гапирди.

Алишер Қодиров қонун лойиҳаси муҳокамаси натижаларидан сўнг, «ХДПнинг советча қарашлари ва «Миллий тикланиш»ни азалдан жини суймайдиганлар билан қонунга жиддий эътибор бермаётганларнинг кайфиятлари устуворлик қилмоқда», — деб таъкидлаган эди.

«Ўзбек тили қадрини кўтариш ва уни устуворлигини таъминлаш учун киритаётган таклифларимиз „қолган миллатларни хафа қилиб қўймаслигимиз керак“ ёндашуви билан қабул қилинмай қоладигандек», — деб ёзган эди Алишер Қодиров ўз блогида.

Расул Кушербаев умуман олганда қонунга ўзгартириш киритиш ва янги таҳрирда қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, давлат билан қандайдир масалалар бўйича иш олиб борадиган тадбиркорлик субъектлари, жисмоний ва юридик шахслар ушбу қонунга риоя қилишлари шарт. Шу билан бирга, унинг фикрига кўра, бу давлат билан алоқаси бўлмаганларга нисбатан қўлланилмаслиги керак. «Қайси тилда ишлашни ҳоҳласа, ўшанда ишлайверсин», — деди у.

«Чунки қонун миллий тил ҳақида эмас, балки давлат тили ҳақида деб номланган. Халқ орасида кўплаб тилларимиз бор. Агар қонун миллий тил ҳақида деб номланадиган бўлса, мен айтган бўлардим: „Ҳа, ҳамма масалаларда — ҳам уйда, ҳам хусусий секторда — ҳамма жойда битта тил бўлиши керак“ деб. Аммо бизда бундай эмаску. Бизда 130 дан ортиқ миллат бор, ўз тилларини сақламоқчи бўлган, бирон бир жойда ишлатмоқчи бўлган миллий озчиликлар бор», — дея тушунтирди парламент аъзоси.

Нима учун меҳнат муҳожирлари учун рус тили ривожланмаётгани, нима учун ташқи ёзувлар фақат инглиз тилида такрорланаётгани ва рус тилидаги ташқи реклама олиб ташланиши ҳақидаги саволга Расул Кушербаев ушбу тенденцияни қўллаб-қувватламаслигини ва хусусий секторга эркинлик бериш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, депутат жамиятда тилдаги дискриминация мавжудлигини тан олди.

«Масалан, Алишер Қодировнинг фикри „ўзбекларнинг меҳрибонлиги туфайли бошқа миллатларга ҳам баъзи имкониятлар берилмоқда“ каби. Менда бир савол бор: „Умуман ким сиздан шундай меҳрибончилик сўради? Бу ерда яшайдиган қайси миллат?“ Мазкур савол сунъий равишда кўтарилаётганга ўхшамаяптими?» — деди Расул Кушербаев ва агар керак бўлса, бу масалада кескин чиқишини қўшимча қилди.

«Мен буни ўзим ҳам сездим. Жуда хафа бўлдим. Нима учун улар буни қилмоқдалар? Нега биз ҳали ҳам одамларни алоҳида тоифаларга ажратамиз? Нима учун? Қачон биз умуман бирлаша оламиз, давлат ҳақида, жамият ҳақида ва миллий манфаатлар ҳақида ўйлай оламиз?» — савол берди парламент аъзоси.

Унинг таъкидлашича, муносиб лавозимларни эгаллаб турган амалдорлар орасида тил билан боғлиқ вазиятга шовинистик нуқтаи назар билан қарайдиганлар ҳали ҳам бор.

«Агар шундай давом этаверса, мен шунчаки депутатлик нишонини ташлайман ва кетаман. Бўлди! Агар бундай дискриминация яна такрорланса, мен шунчаки кетаман», — дея хулоса қилди Расул Кушербаев.