Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 23 апрель куни парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида ноқонуний харажатлар, камомад ва ўғирлик ҳамда бюджетдан самарасиз харажатлар ҳажми йилдан-илга тобора ўсиб бораётганини таъкидлади.

Масалан, 2017 йилда бу кўрсаткич 36,5 миллиард сўмни, 2018 йилда 1,2 триллион сўмни, 2019 йилда 1,1 триллион сўмни, 2020 йилда 2,7 триллион сўмни ташкил этди, деди у.

«Ҳисоб палатаси томонидан бундай ҳолатларнинг аниқланаётгани яхши. Лекин бошқа томондан, савол туғилаяпти, бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш шунчалик осонми? Буни, масалан, бартараф қилиш мумкин, бартараф қилинади, лекин эртага бошқа раҳбар келаяпти-да, бошқаси ҳам худди шуни давом эттираяпти. Балки имкон яратиб бераётган қандайдир механизмлар бордир? Балки қандайдир қонуний чораларни кўришимиз керакдир? Қонунларга ўзгартишлар киритиш керакдир? Нима деб ўйлайсиз?» — деб сўради Сенат раиси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Туробовга мурожаат қилар экан.

Баҳодир Туробов. Фото: Сенат.

Унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткичнинг ўсишининг сабабларидан бири назорат тадбирлари ва тематик таҳлилий ўрганишлар сонининг кўпайиши (2016 йилда 25 та тадбир ўтказилган бўлса, 2020 йилда — 87 та) билан боғлиқ.

У яна бир сабаб сифатида вазирлик ва идоралар ўртасида ахборот алмашинувидаги «инсон омили»ни келтириб ўтди. Ҳисоб палатаси раҳбарининг биринчи ўринбосари вазирликлар ва идораларда коррупцияга қарши мувофиқликни назорат қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бюджетдан ноқонуний харажатларнинг олдини олишга ёрдам беришини таъкидлади.

«Назорат тизимлари, умуман механизмларини янаям аниқлаштириш, кучайтириш бўйича, барибир, тинмасдан ишлаш керак. Ноқонуний сарфлаш масаласини кун тартибимиздан чиқариб ташлашимиз керак. Бунақа масала умуман бўлмаслиги керак. Бюджет пули, бу — халқнинг пули. Бу халққа бориши керак, қандайдир амалдорларнинг чўнтагига боришига мутлақо йўл қўймаслик керак. Агар шундай бўлаётган бўлса, уларга аёвсиз қонуний чора кўришни таъминлашимиз керак», — деди Танзила Норбоева. У Ҳисоб палатасига ўз ваколати доирасида материалларни прокуратурага беришни топширди.

Баҳодир Туробов, шунингдек, бир неча вилоят ҳокимликлари халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан келишмаган ҳолда маҳаллий бюджет параметрларига ўзгартиришлар киритганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Жиззах вилояти ҳокимлиги бюджет параметрларига 35 миллиард сўмга, Хоразм вилояти 10 миллиард сўмга, Андижон вилояти 15 миллиард сўмга ўзгартишлар киритган, аммо бу қарорлар маҳаллий кенгашлар қарорлари билан тасдиқланмаган.

Ҳисоб палатаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Молия вазирлиги билан биргаликда бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўрилганини маълум қилди.

Ҳисоб палатаси ҳудудларда ер участкаларини ажратиш жараёнини ўрганаётганда 598 та ҳолатда маҳаллий ҳокимликлар тўғридан-тўғри ким ошди савдоси ўтказмасдан сотгани, натижада бюджетга 36,9 миллиард сўмдан кам маблағ тушганини аниқлаган.

Бундан ташқари, E-Ijro Auksion платформасида ер сотишда 4383 та ер участкасининг қиймати нотўғри ҳисоблаб чиқилган, натижада бюджет 11,2 миллиард сўмлик даромадини йўқотган.

416 та ер участкасида 279,2 миллиард сўмлик инвестиция мажбуриятлари бажарилмаган ва деярли 3700 та иш ўрни яратилмаган.

«Бундай ҳолатларнинг асосий сабабларини таҳлил қилганимизда, биринчи навбатда республикада масъул идоралар томонидан ер участкаларини сотишда инвестиция мажбуриятларини белгилашнинг аниқ тартибларининг ишлаб чиқилмагани, яъни республикада мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, бошланғич нархни белгилаш бўйича амалдаги тартиб уларнинг ҳақиқий харид қиймати бўйича аниқлаш имкониятини бермаётгани сабабли шундай ҳолатлар келиб чиқмоқда. Масалан, биргина бошланғич нархи 21 млрд сўм бўлган 2021 та ер участкаси бир неча марта аукционга қўйилса-да 8 ойдан бери сотилмай турибди», — деди Баҳодир Туробов.

Ҳисоб палатаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Тошкент вилоятида минтақада сув таъминотини яхшилаш учун 14 та объект фойдаланишга топширилгани эълон қилингани, аммо аслида улар тўлиқ ишга туширилмагани, шу сабабли 12 мингдан зиёд хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланмаганини маълум қилди.

Худди шу йиғилишда Баҳодир Туробов, жумладан, давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш лойиҳасини (Саломатлик-3) амалга ошириш жараёнида 18,6 миллион долларнинг мақсадсиз фойдаланилгани аниқланганини айтди.

Аввалроқ Сенат раҳбари Танзила Норбоева ўтган йили бюджет муассасаларидан 301 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинганини маълум қилган эди. Коррупционерлар сони қарийб 30 фоизга кўпайган, 78 минг гектардан ортиқ ер ноқонуний равишда ажратилган.