Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ўтган йилда 2,5 мингдан зиёд бюджет муассасасида 301 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-тарож қилинганлигини маълум қилди.

«Нархларни сунъий ошириш орқали давлат харидларини амалга ошириш ҳолатлари аниқланганлиги ташвишли ҳолатдир», — деди сенат раиси.

Қурилиш, тиббиёт, мактабгача таълим соҳаларида коррупция ҳолатлари кўпайгани таъкидланди.

Таҳлилларга кўра:

  • Қурилиш соҳасидаги 44 та қонун ҳужжати экспертизадан ўтказилганда, уларнинг 23 тасида 124 та;
  • Соғлиқни сақлаш соҳасидаги 70 та қонун ҳужжатининг 13 тасида 41 та;
  • Таълим соҳасидаги 96 та қонун ҳужжатининг 17 тасида 81 та коррупциявий омиллар аниқланган.

Бундан ташқари, Сенат раисининг таъкидлашига кўра, 5 200 дан зиёд тадбиркор ҳуқуқлари бузилган. Тадбиркоролар манфаатларига зид келувчи 350 дан зиёд ноқонуний ҳужжат чиқарилган. 24 мингга яқин тадбиркорнинг турли йўналишлардаги (кредит, ер, бино, коммуникация, лицензия) муаммолари фақатгина прокуратура органларининг аралушувидан кейин ҳал қилинган.

Маълум қилинишича, 2019 йилда ирригация, мелиорация тадбирлари учун ажратилган 1,7 млрд сўм маблағ талон-тарож қилинган бўлса, ўтган йилда бундай талон-тарожликлар қарийб ўн баробарга ошиб, 16 млрд сўмни ташкил этган. Мазкур йўналишда 2019 йилда 92 та жиноят аниқланган бўлса, ўтган йилда бу рақам қарийб тўрт баробарга ошиб, 359 тани ташкил этди.

Танзила Нарбаеванинг таъкидлашича, касалликка қарши курашиш тадбирлари ҳамда тиббиёт ва карантин муассасаларини қуришда 367 млрд сўмдан зиёд молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Қиммат нархларда шартномалар тузилган. Айрим ҳолларда маблағлар умуман бошқа йўналишларга сарфланган.

«Чет элда юрган 1,5 минг нафардан зиёд фуқарога жамоат ишларида қатнашди, дея 1,4 млрд сўм ёки водий туманларида (Тошлоқ, Косонсой) пахта теримида қатнашмаганларга миллионлаб маблағ иш ҳақи сифатида тўлаб юборлганини мутасаддилар нима билан изоҳалашади?» — деди Сенат раиси.

Маълумотга кўра, халқ таълими тизимида 192 млрд сўмдан зиёд молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Соҳта ҳужжатлар асосида 40 млрд сўмдан ортиқ маблағ, жумладан Деҳқонобод, Чироқчи, Қамаши ва Яккабоғ туманлари халқ таълими бўлимларида 8,7 млрд сўмлик иш ҳақи ноқонуний ўзлаштирилган.

«Тизимдаги қурилиш-таъмирлаш ишларида қарийб 6 млрд сўм нотўғри сарфланган. Беруний туманида 420 млн сўмга қурилиб, фойдаланишга топширилди, дея кўрсатилган мактаб филиали, аслида бўм-бўш ер бўлиб чиққани ақлга сиғмайди. Бу каби камчиликларни мактабгача таълим тизимида ҳам кўриш мумкин. 48 млрд сўмдан зиёд молиявий хатоликларга йўл қўйилган. Қарийб 4,5 млрд сўм маблағ ноқонуний ўзлаштирилган», — дея таъкидлади Танзила Нарбаева.