Бугунги кунда Ўзбекистонда 23 та эркин иқтисодий ва 348 та кичик саноат зонаси фаолият олиб бормоқда. Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 млрд долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиб, 36 мингга яқин иш ўрни яратилган. Кичик саноат зоналарида эса 5 трлн сўмлик 1497 та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланган.

Бироқ мазкур зоналарда маҳаллий ва хорижий инвесторлар ўз фаолиятини тўлақонли бошлаши учун бир қатор ташкилий, жумладан, инфратузилма масалалари билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас.

Шундан келиб чиқиб, президент Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбарининг «Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан жорий йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш учун 1,6 трлн сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Хусусан, 17 та эркин иқтисодий зонада қўшимча электр энергияси, газ, ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини барпо этиш учун 584 млрд сўм, 145 та кичик саноат зонаси учун 395 млрд сўм йўналтирилади.

Йирик инвестиция лойиҳаларини инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 232 млрд сўм кўзда тутилган. Ривожланишдан ортда қолган 33 та туманда саноат ва бизнесни жадал ривожлантириш учун 264 млрд сўм ажратилади.

Мутасаддиларга мазкур маблағларни ажратиш ва мақсадли ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича кўрсатма берилди.


Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев эндиги энг муҳим масала эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш эканини таъкидлади.

«Тадбиркорлар жуда катта умид билан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида қийин масала бўлган инфратузилмани ҳал бўлишини кутиб ўтирибди. Шунинг учун Ўзбекистон тарихида биринчи марта зоналарга 1,6 трлн пул ажратилди. Бу — йўл инфратузилмаси, электр энергия, газ ва сув таъминоти, умуман, нимаики лозим бўлса ўша масалаларни жой-жойига қўйиш бўйича чора-тадбирларни кўриш керак. Албатта, жойлардаги иқтисодий зоналарда инфратузилмалар йўқлиги табиий. Алоҳида ишчи гуруҳ тузиб, ҳар бир иқтисодий зона бўйича йўл харитасини тузиш керак. Шошилмасдан, бир ой кечиксак ҳам барча соҳада сифат, сифат, яна бир бор сифатга эътибор қаратиш керак… 206 та туман ва шаҳарларимиз бўйича импорт ҳажми қанча ва локализация масаласи нима қилишимиз керак деган саволга жавоб йўқ», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари асосий эътиборни импортни қисқартиришга қаратиш лозимлигини таъкидлади.

«Энг катта йўналиш импортни қисқартириш, шу билан бирга, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш. Қайси туманга қандай лойиҳа тўғри келишини аниқлаб беришимиз керак. Яккаю ягона тўғри йўлни топишимиз керак. Бу тузилмага ҳамма стандартни қўшишимиз лозим. Стандарт бўлмаса экспорт бўлмайди», — деди президент.

Жорий йилда эркин иқтисодий зоналарда 1,1 млрд долларлик 332 та лойиҳа, кичик саноат зоналарида эса 9,5 трлн сўмлик 1800 та лойиҳа ишга туширилиши режа қилинган.