Qanot Sharq хусусий авиакомпанияси душанба куни биринчи Airbus A320 йўловчи самолётини қабул қилиб олди. Лайнерни кутиб олиш маросимида бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Авиакомпания 20 кундан кейин яна бир A320ни қабул қилиб олишни режалаштирмоқда, деди Азиз Абдуҳакимов. Йил охирига қадар авиаташувчи қўшимча равишда яна иккита катта сиғимга эга Airbus A320га эга бўлиши лозим. Компания истиқболда ўз авиапаркини учта A320 ва учта A330 самолётлари билан тўлдиришни режалаштирмоқда.

«Авиакомпания ҳам халқаро, ҳам ички қатновларни амалга оширади… Уларга „очиқ осмон“, бешинчи ҳаво эркинлигини бериш режалаштирилаётган Самарқандда фаолият юритишни таклиф қилмоқдамиз», — деди бош вазир ўринбосари.

Февралда Американинг Air Lease Corporation компанияси истеъмолда бўлган иккита A320−200 самолётини Ўзбекистоннинг Qanot Sharq Airlines авикомпаниясига узоқ муддатга ижарага бераётганини эълон қилган эди.

Spot.uz маълумотларига кўра, Qanot Sharq Airlines ўзини Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпания сифатида танитмоқда. У Ўзбекистоннинг ҳудудий аэропортларидан Истанбул, Анқара (Туркия), Дубай (БАА), Жидда, Мадина (Саудия Арабистони), Москва, Санкт-Петербург (Россия) ва Олмаота (Қозоғистон) каби шаҳарларига парвозларни амалга оширади.