Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев 23 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида давлат назорати тизимидаги манфаатлар тўқнашуви масаласига тўхталиб ўтди.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, бугунги кунда республикада 50 дан ортиқ назорат-текширув идоралари мавжуд бўлиб, уларнинг 10 дан ортиғи ўзлари текшириши керак бўлган вазирликларга бўйсунади.

«Бир вазирликда ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўладиган бўлса, бу ерда ҳеч қандай том маънодаги назорат бўлмайди. Энг асосийси, назорат-текширувчи идораларга мустақил, холис фаолият кўрсатиш учун шарт-шароит яратиб беришимиз керак. Бу борада биз ўзимизнинг прокурорлик муносабатимизни Вазирлар Маҳкамасига ҳам берганмиз. Ўйлайманки, таклифларимиз инобатга олиниб, ҳар бир назорат-текширув идораси мустақил равишда фаолият кўрсатадиган бўлса, ҳар бир соҳада кўплаб қонунбузилишлар, нафақат талон-торожлик, балки соҳадаги барча қонунбузарлик ҳолатлари ҳам бартараф қилинган бўларди», — деди бош прокурор.

Унинг сўзларига кўра, назорат-текширув органлари томонидан ўтган йилнинг ўзида аниқланган фақатгина талон-торожлик ҳолатлари бўйича жамланган қиймат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи саноқли органлар томонидан аниқланган талон-торожликлар қийматининг учдан иккисини ташкил этади.

Бош прокурор 6 мингдан ортиқ объектни доимий назорат қилиши керак бўлган Энергетика вазирлиги қошидаги «Ўзнефтгазинспекция» корхонасини мисол қилиб келтирди.

«У ерда 150 дан ортиқ масъул инспекторлар бор. Уларга давлат томонидан тўлиқ ойлик тўланади. Улар томонидан икки йил мобайнида бирор марта ҳам ўзларининг ташаббуслари билан мустақил равишда текшириш ўтказилмаган. Соҳада бир сўмлик ҳам зарар аниқлашмаган. Ваҳоланки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан икки йил мобайнида 300 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган ва уларни тўлиқ ундириш чоралари кўрилган», — деди бош прокурор.

Ниғматилла Йўлдошев худди шу давр мобайнида Транспорт вазирлиги қошидаги мутасадди инспекция 8000 дан ортиқ қонунбузарликларни аниқлагани, бироқ бирорта ҳам ҳолат ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилмаганини таъкидлади.

«Бир раҳбарда иккита — ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўлганидан кейин бу материаллар [ҳеч қаерга берилмайди], ўзининг оқибати бўйича, унинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни белгиламайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берилмадими, демак, бу яширилди», — деди у.

Ушбу мажлисда Сенат раҳбари Танзила Норбоева бюджет маблағларини талон-торож қилиш даражаси юқори эканидан хавотир билдирди. Ўтган йили бюджет муассасаларида 301 млрд сўмдан зиёд маблағлар талон-торож қилинган. Порахўр амалдорлар сони қарийб 30 фоизга ортган, 78 минг гектардан зиёд ер ноқонуний ажратилган.

2020 йилнинг ноябрида молия вазири Тимур Ишметов давлат молиявий назорат тизимида манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини тан олган эди. Унинг сўзларига кўра, бюджет маблағларини сарфлашда ҳақиқатдан ҳам қонун бузилишлари мавжуд, уларнинг олдини олиш учун эса молиявий назорат органларининг мустақиллиги таъминланиши лозим.

«Давлат молиявий назорат органларига айрим ҳудудларда ҳокимликлар томонидан босим йўқ, деб айта олмаймиз. Яъни у молия вазирлигига ишлайдими? Ёки айрим босим натижасида бошқаларни ҳимоя қилишга ишлаяптими? Мени фикрим, келгусида умуман давлат молиявий назорат хизматлари фаолиятларини функционал нуқтаи назардан тубдан қайта кўриб чиқиш керак. Давлат молиявий назорати бирор вазирлик ичида эмас, ягона, яхлит кучли бир тизим бўлиши керакки, бирор вазирлик ҳам, бирор ҳокимият ҳам ундан устун бўмаслиги керак, унгача фойдаси йўқ», — дея таъкидлаган эди Тимур Ишметов.