Аввалроқ, бош прокуратурада коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Унда бош прорурор Ниғматилла Йўлдошев икки йил мобайнида республика бўйича 371 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилгани учун 2477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилганини айтганди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, Молия вазири Тимур Ишметов мазкур ҳолат бўйича тушунтириш берар экан, бюджет пулларини сарфлашда қонун бузилиш ҳолатлари йўқ эмаслиги, буни олдини олиш учун эса молиявий назорат органлари мустақиллигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.

«Давлат молиявий назорат органларига айрим ҳудудларда ҳокимликлар томонидан босим йўқ, деб айта олмаймиз. Яъни у молия вазирлигига ишлайдими? Ёки айрим босим натижасида бошқаларни ҳимоя қилишга ишлаяптими? Мени фикрим, келгусида умуман давлат молиявий назорат хизматлари фаолиятларини функционал нуқтаи назардан тубдан қайта кўриб чиқиш керак. Давлат молиявий назорати бирор вазирлик ичида эмас, ягона, яхлит кучли бир тизим бўлиши керакки, бирор вазирлик ҳам, бирор ҳокимият ҳам ундан устун бўмаслиги керак, унгача фойдаси йўқ», — дея таъкидлади Тимур Ишметов.

Вазир мазкур жараён бўйича Ҳисоб палатаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, бунга хорижий экспертлар ҳам жалб этилганини маълум қилди.

«Йил охиригача топшириғимиз бор, мутлақо янги қонун лойиҳасини 180 градусга ўзгартириб, ишлаб чиқишимиз керак. Манфаатлар тўқнашуви борки, у билан курашишни фойдаси йўқ», — деди молия вазири.

Бундан ташқари, молия вазири «UzASBO» дастурий мажмуасида янги модул ташкил этилганини таъкидлади. Эндиликда унинг ёрдамида тармоқ, штат ва контингентлар бўйича режа ва унинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлар электрон шаклда молия органларига тақдим этилади.

«Тармоқ, штат ва контингент тўғрисидаги кўрсаткич автоматик тарзда жамланиши ҳамда пул маблағлари оқими тўғрисидаги ҳисобот кўрсаткичлари таққосланиши натижасида меҳнат сарфи ва юзага келадиган хатоликлар кескин камаяди. Бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари олди олинади», — деди Ишметов.

Маълумот учун, йиғилишда бош прокурор бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларининг бир қанчасини мисол қилиб келтирганди. Маълум бўлишича, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 млн сўмлик камомадни яшириш эвазига $2000 ва 500 минг сўм олган.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Яна бир ҳолатда, Ғазначиликнинг Андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 млрд сўм ортиқча пул олишган ва уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган. Мисол учун жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. «Халқ банки» кассири Ҳ. билан бирга, 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштиради ва 86 млн сўмни ўзлаштиради.

Бош прокурор ҳозирда ушбу жиноят ишлари бўйича юқорида қайд этилган мансабдор шахслар қонун олдида жавоб бераётганини таъкидлади.