23 апрель куни Ўзбекистон қаҳрамони, сенатор Хасан Нормуродов 82 ёшида вафот этди, деб хабар берди ЎзА.

У узоқ йиллар халқ таълими тизимида ишлаган, кейинчалик «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, сўнгги йилларда эса Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари сифатида ишлаган.

2019 йилда президент фармонига кўра Хасан Нормуродов «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган эди.

Апрель ойи ўрталарида Хасан Нормуродовнинг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалида даволанаётгани хабар қилинган эди. Ҳудудга ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев уни бориб кўрганди.

24 апрель куни Сенатнинг 14 ялпи мажлисида юқори палата раиси Танзила Нарбаева жамоат фаолининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

«Ҳасан Норбекович узоқ йиллар жамият ва давлат ҳаётининг турли йўналишларида ҳалол меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматини қозонган фидойи ва жонкуяр инсон эди», — дея таъкидлади Танзила Нарбаева.