Айни вақтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари хизматлар бозорини жадал ривожлантириш учун талаб этиладиган молиявий ресурслар ҳақида гапирди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Ҳисоб-китобларга кўра, хизматлар соҳаси учун банклар томонидан жорий йилда камида 18 трлн сўм кредитлар йўналтирилади. Бундан ташқари, давлат томонидан тижорат банклари орқали қўшимча 300 млн доллар, шундан 1 июлгача 150 млн доллар ажратилади.

Биринчи босқичда ҳудудларга ажратиладиган маблағлар:

  • Самарқандга — 160 млрд сўм;
  • Тошкент шаҳри, Андижон, Қашқадарё ва Фарғонага — 150 млрд сўмдан;
  • Наманган ва Сурхондарёга — 125 млрд сўмдан;
  • Бухоро — 90 млрд сўм;
  • Жиззах — 85 млрд сўм;
  • Қорақалпоғистон ва Хоразмга — 75 млрд сўм;
  • Сирдарёга — 60 млрд сўм;
  • Навоийга — 55 млрд сўм ажратилади.

Бу маблағлар барча туман ва банклар кесимида тақсимланди ва буни барча ҳокимлар олган.

«Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари тижорат банклари билан бирга, ажратилган маблағ ёнига яна шунча миқдорда ресурс топишлари, яъни бу ишларни „элликка — эллик“ тамойили асосида ташкил этишлари шарт ва зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳаллага иқтисодий комплексдан бириктирилган масъуллар билан бирга, «маҳалла — туман — банк» принципи асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантиради.

Бунда, Қўчқоров (бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири) ва Мирсоатовга (Миллий банки бошқаруви раиси) ташкил этиладиган лойиҳаларда ҳар бир маҳаллада бўлиши шарт бўлган камида 20 та турдаги, туман ва шаҳарда камида 70 та турдаги хизматлар рўйхатини асос қилиб олишлари шартлиги уқтирилди.

Вазирлар Маҳкамаси (Абдулла Арипов) бир ой муддатда маҳалла, туман ва шаҳарларда ушбу зарурий хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича, алоҳида Ҳукумат қарорини қабул қилиб, ижросини назоратга олиши кераклиги айтилди.

«Вилоят раҳбарларининг эътиборини алоҳида қаратмоқчиман, туман ва шаҳарларнинг маблағлардан самарали фойдаланишига қараб, 1 сентябрдан кейинги 150 млн долларни ажратамиз», — деди президент.

Бундан ташқари, Мирсоатов 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари, йирик савдо комплексларини ташкил этиш учун, шу йилнинг ўзида қўшимча 200 млн доллар маблағ жалб қилиши айтилди.

«Бюджетдан ва банклар томонидан қўшимча ажратиладиган маблағ жами 500 млн доллар ёки 5,5 трлн сўмни ташкил этади», — деди президент.

Миллий банк раиси Алишер Мирсоатов намунавий лойиҳалар ишлаб чиқилишини, бироқ тизимда кадрлар етишмовчилиги муаммоси борлигини айтди.

«Шакллантириладиган лойиҳаларнинг ТЕОларини, ҳисоб-китобларини аниқ қилиб яратамиз. Лекин, олдимизда кадр етишмовчилиги масаласи бор. Иккита йўналишда кадр тайёрлашни мақсад қилаяпмиз. Биринчиси, ўзимизни ўқув марказимизда кадрларни ўқитиш, иккинчиси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан коллежларда ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз», — деди Мирсоатов.

Давлат раҳбари унинг таклифини қўллаб-қувватлади.