Тошкентнинг Лабзак маҳалласидан оқиб ўтувчи Анҳор каналида номаълум эркак жасади оқиб кетаётгани аниқланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Жасадни 20 апрель куни тушлик вақтида Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова ҳамкасби билан сайр қилиб юрган вақтида кўриб қолган. Улар бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Бош прокуратура Матбуот хизматига маълум қилган.

Воқеа жойига етиб борган Шайхонтоҳур тумани прокурори раҳбарлигидаги тезкор тергов гурух томонидан мурдани кўздан кечириш жараёнида унда куч ишлатиш холатлари ва тан-жароҳатлари аниқланмаган, дейилади хабарда.

Суриштирув ҳаракатлари давомида жорий йил 21 апрель куни қўл бармоқ изларини текшириш орқали мурданинг шахси аниқланган. Марҳумнинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.