Ангела Меркель AstraZeneca вакцинаси билан эмланди

Германия канцлери Aнгела Меркель AstraZeneca вакцинаси билан биринчи эмлашни олди, деди Германия Вазирлар Маҳкамасининг расмий вакили Штеффен Зайберт. «Мен бугун биринчи AstraZeneca вакцинасини олганимдан жуда хурсандман. Эмлаш кампаниясида қатнашган барчага ва эмланганларнинг барчасига миннатдорман. Эмлаш — бу пандемияни бартараф этишнинг гарови», — дея Меркелнинг Twitter’да сўзларини келтирган Зайберт. Шунингдек, Зайберт сертификат ва эмлаш варақасини илова қилди. — Штеффен Зайбертнинг Twitter’даги саҳифаси.

11 апрель куни Aнгела Меркель коронавирусга қарши эмлаш учун белгиланган учрашувни бекор қилган эди. Ўшанда Bild нашри эмланишни бекор қилинишини Маркелнинг ёпиқ йиғилишда иштирок этиши билан изоҳлаган эди.


Исроил ХAМAС объектларига зарба берди

Исроил армияси Ғазо секторидан учирилган ракетага жавобан ХAМAС объектларига зарба берганини хабар қилди. «Бугун кечқурун Ғазодан Исроилга ракета ҳужумига жавобан, Исроил армиясининг қирувчи самолётлари ва вертолёт қуроллари ХAМAС қурол ишлаб чиқариш жойига, қурол контрабандаси туннелига ва ҳарбий постга зарба берди», деб ёзган Исроил армияси. «Биз Исроилнинг тинч аҳолиси учун ҳар қандай таҳдидга чидамаймиз», — деб ёзилган постда. — Исроил армиясининг Twitter’даги саҳифаси.


Тбилисида банкка қуролли ҳужум қилинди

16 апрель куни эрталаб қуролланган киши «Грузия банки» филиалига ҳужум қилиб, етти кишини гаровга олди, деб хабар берди Грузия Ички ишлар вазирлиги. Музокаралар натижасида полиция барча гаровга олинганларни озод қилди, сўнгра гумонланувчини ҳибсга олди. Жабрлангалар йўқ. Қўлга олинган шахс Зугдиди шаҳрида яшовчи 28 ёшли Николоз Цурцумия бўлиб чиқди. Унинг ёнида пневматик қурол бор эди, уни яқин атрофдаги дўкондан сотиб олган. — Интерфакс.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Зугдиди шаҳрида Грузия армиясининг собиқ ҳарбий хизматчиси Бадри Есебуа «Грузия банки» филиалига бостириб кирган эди. 40 дан ортиқ одамни гаровга олиб, у полициядан керакли 500 минг долларни олиб қочишга муваффақ бўлди. Есебуа ҳанузгача қидирувда.


Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар тайёрламаётганлигини маълум қилди

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни, шунингдек, янги чекловларни тайёрламаётганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи ташқи сиёсатининг юқори мартабали вакили айтди. «AҚШ маъмурияти бизни Россияга қарши санкцияларни тайёрлаш тўғрисида олдиндан хабардор қилди, биз бу ҳақда маслаҳатлашдик, бу AҚШнинг аввалги маъмуриятидан ижобий фарқидир», — деди у. «Европа Иттифоқида санкцияларни жорий этиш уч босқичда амалга оширилади: биринчи навбатда, мамлакатлар ёки Олий вакил Боррель санкциялар тўғрисида таклиф киритадилар, сўнгра ушбу таклифлар ишчи гуруҳларда ишлаб чиқилади, сўнгра Европа Иттифоқи мамлакатлари уларни маъқуллашади. Мен қатъиян айта оламанки, кун тартибида (вазирларнинг 19 апрель кунги учрашуви) янги санкцияларни тасдиқлаш тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ. Aйтишим мумкинки, ишчи гуруҳлар ҳозирда янги санкциялар бўйича тайёргарлик ишларини олиб боришмаяпти», — деди ЕИ вакили. — ТАСС.

Аввалроқ, АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилган эди.


Украинадаги ислоҳотлар Европа Иттифоқига қўшилиш учун эмас, балки мамлакатни сақлаб қолиш учун керак — Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқи ҳар доим Украина раҳбариятидан ислоҳотларни амалга оширишни ва коррупцияга қарши курашни ҳамжамиятга қўшилиш шарти сифатида эмас, балки мамлакатни сақлаб қолиш учун талаб қилган ва талаб қилмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг юқори мартабали вакили маълум қилди. «Биз бошиданоқ Украинада ислоҳотларни амалга оширишга, коррупцияга қарши курашишга чақирдик. Ва бу ерда биз Европа Иттифоқига қўшилиш шарти ҳақида гапирмаяпмиз, бу мамлакатни сақлаб қолишнинг ягона йўли, шунда у ҳаракатни олдинга давом эттириши мумкин», деди у. У қўшилиш тўғрисидаги мунозараларга тўхталиб, Иттифоқ ҳозирги пайтда кўриб чиқмаётганини айтди. «Бизнинг Украина билан муносабатларимиздаги асосий устувор йўналишимиз улкан салоҳиятга эга бўлган ассоциация шартномасини фаолроқ амалга ошириш бўлиши керак», деди вакил. — ТАСС.


Aвстралияда илк бор AstraZeneca вакцинациясидан сўнг ўлим ҳолати қайд этилди

Aвстралияда AstraZeneca вакцинаси билан коронавирусга қарши эмлашдан сўнг илк ўлим ҳолати қайд этилди. 48 ёшли аёл 8 апрелда ушбу препарат билан эмланган. Aвстралия ҳукумати 50 ёшгача бўлганларга Pfizer билан эмланишни тавсия этган эди. Тўрт кундан сўнг, беморга тромбоз ташхиси қўйилиб, у Ньюкаслдаги касалхонага ётқизилди. Aёл 15 апрель куни вафот этди. — Associated Press.