Эрон Натанздаги «ҳужумдан» сўнг ядро иншоотларининг ишлаб чиқариш қувватини 50 фоизга оширади

Натанздаги Эрон ядро иншоотидаги фожиа ушбу корхонада уранни бойитиш жараёнини тўхтатмади, унинг ишлаб чиқариш қувватини 50 фоизга ошириш режалаштирилган, дея таъкидлади мамлакат вице-президенти, Эрон Aтом энергияси ташкилоти раҳбари Aли Aкбар Солиҳи. Унинг қўшимча қилишича, «бир неча кун ичида расмийлар бузилган центрифугаларни катта қувватга эга бўлган бошқаларига алмаштиради». 11 апрель куни Эрон Натанз иншоотида электр тақсимлаш тармоғида авария қайд этилгани ҳақида хабар берди. Қурбонлар йўқлиги ва атроф-муҳит ифлосланмаганлиги маълум қилинди. Aли Aкбар Солиҳи бу ҳодисани «ядровий терроризмнинг намойиши» деб атади, дея ёзади ТАСС.

New York Times’нинг ёзишича, Натанздаги авария Исроил томонидан уюштирилган портлаш оқибатида содир бўлган. Шундан сўнг Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Исроилнинг воқеага алоқадорлигини эълон қилди. «Исмини ошкор қилмаслик шарти билан, Исроилнинг махфий операцияси тўғрисида айтиб берган расмийлар, портлаш Эроннинг уранни бойитишига жиддий халақит беришини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, Натанзда ишни тиклаш учун камида тўққиз ой вақт керак бўлади», деб ёзади нашр. New York Times’нинг хабар беришича, кучли портлаш натижасида Натанзда электр таъминоти тизими яроқсиз ҳолга келган. Уранни бойитадиган центрифугалар электр таъминотисиз ишламайди.

Ушбу ҳодисага сабаб бўлган киберҳужум ортида Исроилнинг «Моссад» разведкаси турган бўлиши мумкин, деб ёзади Jerusalem Post 11 апрель куни. Ўз навбатида, исми ошкор этилмаган манба Jerusalem Post’га Натанздаги заводда юз берган ҳодиса тасодифий эмаслиги ва ундан зарар Эрон расмийлари таърифлаганидан жиддийроқ бўлганини айтди.


Миннесотада полициячи афроамерикаликни отиб ўлдирганидан кейин норозилик намойишлари бошланди

АҚШнинг Миннесота штати Миннеаполис шаҳри атрофидаги аҳоли пунктларидан бирида полиция ходимлари 20 ёшли афроамерикалик Данте Райтни отиб ўлдирди. Қайд этилишича, полиция унинг машинасини йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги сабабли тўхтатишган. Аввалроқ уларга йигитни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилган бўлган. Нима сабабданлиги эса аниқ эмас. Райт уни ҳибсга олишга уринган полиция талабларига бўйсунмади ва яна машинасига ўтирди. Полиция ходимларидан бири ўқ узди. Райтга тиббий ёрдам кўрсатилди, аммо у вафот этди.

Ушбу ҳодисадан сўнг 500 га яқин киши шаҳар полиция бўлими биноси олдида йиғилди. Улар полициянинг илтимосига биноан тарқалишдан бош тортишди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари кўздан ёш оқизувчи газ, эскирган гранаталар ва резина ўқлардан фойдаланишди. Бундан ташқари, Райт вафот этган жойга тахминан 200 киши келган. Улар полициянинг иккита машинасига зарар етказишди. Намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида тўқнашувлар бўлган. Шаҳарда талончилик ҳолатлари қайд этилган. Миннесота штати губернатори ва шаҳар мэри вазиятни кузатаётганликларини айтди. Штат миллий гвардияси шаҳардаги полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувдан Миннеаполис атрофига олиб келинди. — Star Tribune.


Эквадордаги президент сайловларида Гильермо Лассо ғалаба қозонмоқда

Эквадорда президентлик сайловларининг иккинчи босқичида собиқ банкир, «КРЕО» ҳаракатидан Гильермо Лассо энг кўп овоз тўплаган. Жанубий Aмерика мамлакатининг Миллий сайлов кенгаши (МИК) томонидан эълон қилинган натижалар шундан далолат беради. Берилган овозларнинг 98,05 фоизи қайта ишланганидан сўнг олинган дастлабки маълумотларга кўра, Лассо 52,48 фоиз сайловчиларининг овозини олган. — ТАСС.


Германия канцлери эмланиш учун навбатини бекор қилди

Германия канцлери Aнгела Меркель коронавирусга қарши эмлаш учун белгиланган учрашувни бекор қилди. Собиқ Темпельхоф аэропорти ҳудудидаги эмлаш марказида Aнгела Меркель номига 11 апрелга эмланиш белгиланган эди. Ушбу марказда AstraZeneca вакцинасидан фойдаланилади. Нашрнинг таъкидлашича, учрашув онлайн тарзда Doctolib хизмати орқали бекор қилинган. Bild буни Меркелнинг Армин Лашет ва Маркус Зёдерлар иштирок этиши керак бўлган Христиан демократик иттифоқи (ХДИ) ва Христиан ижтимоий бирлиги (ХИБ) блокининг ёпиқ йиғилишида иштирок этиши билан изоҳламоқда. — Bild.


Парижда номаълум шахс касалхона яқинидаги одамларга ўқ узди

Парижнинг 16-округида номаълум шахс Анри-Дюнан касалхонасига кираверишда одамларга ўқ узди. Бир киши вафот этди. Касалхонанинг хавфсизлик хизматида ишлайдиган аёл жароҳат олди. Le Figaro’нинг аниқлик киритишича, отишма Франция Қизил Хоч ташкилоти томонидан бошқариладиган ва COVID-19га қарши эмлаётган хусусий шифохона ёнида содир бўлган. — BFM TV.


Бишкек марказида, Марказий сайлов комиссияси биноси олдида сайлов натижаларидан норозилар митинги бўлиб ўтмоқда

11 апрель кунги сайловлардан сўнг маҳаллий кенгашларга ўтмаган партиялар тарафдорлари Бишкекдаги Марказий сайлов комиссияси олдида овоз бериш натижаларини бекор қилиш учун митинг ўтказмоқда. У ерда 50 га яқин одам тўпланди. Уларнинг кўпчилигида коммунистик рамзлар туширилган байроқлар бор, Қирғизистон демократик ҳаракати (ҚДҲ) ва Қирғизистон социалистик партиясининг байроқлари ҳам кўриниб турибди. Намойишчилар овоз бериш натижаларининг бекор қилинишини талаб қилмоқда. Бундан ташқари, улар сайлов натижалари бекор қилинган тақдирда, қонун бузилишида айбдор деб топилган партиялар янги сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаслигини тарғиб қилмоқдалар. Митинг тинч намойиш тарзида ўтказилмоқда. Намойиш майдонида нима бўлаётганини кузатаётган бир нечта полициячилар ҳам бор. — ТАСС.