Коррупцияга қарши курашиш агентлиги акционерлари орасида қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва турмуш ўртоғи ҳам бўлган «12-трест» компанияси қўлга киритган давлат харидларини ўрганмоқда. Бу ҳақда 15 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжумани агентликнинг Коррупциядан огоҳлантириш ва комплаенс-назорат тизимини жорий этиш бошқармаси бошлиғи Зуҳриддин Қодиров маълум қилди.

««Aгентлик томонидан қурилиш соҳасида, тендерлар ва давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича доимий равишда масофавий мониторинг тадбирлари амалга ошириляпти», — деди у (нутқ видеоёзуви Kun.uz томонидан эълон қилинди).

Зуҳриддин Қодировнинг сўзларига кўра, қурилиш вазири билан боғлиқ ҳолат ягона ҳолат эмас. Фақат республика миқёсида эмас, вилоятлар миқёсида ҳам кўп ҳолатлар бор.

«Бу бўйича биз ўрганишларни давом эттиряпмиз. Ҳар бир ҳолатлар бўйича тегишли таклифларимизни манфаатдор идораларга берганмиз. Бу масала (Ботир Зокировга тааллуқли давлат хариди — таҳр.) бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда. Натижасини, албатта, жамоатчиликка етказамиз», — деди Зуҳриддин Қодиров.

«Газета.uz» аввалроқ Тошкентдаги Мустақиллик майдони ёнидаги маъмурий бино реконструкцияси ва фаввора остига автотураргоҳ қуриш ишларига 431,5 млрд сўм ажратилиши, пудратчи сифатида эса «12-трест» тендерсиз танлангани ҳақида ёзган эди.

Худди шу компания Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносини жорий таъмирлаш ҳамда фасад қисмини реконструкция қилиш бўйича 16,5 млрд сўмлик давлат харидини тендерсиз қўлга киритган эди.

«12-трест», шунингдек, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини қуриш бўйича 988,2 млрд сўмлик лойиҳага ҳам тендер савдоларисиз эга чиққан эди.

«Газета.uz» февралда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг ўғли ва акаси билан боғлиқ компания вилоятдаги бир қанча йирик лойиҳаларни амалга ошираётгани ҳақида ҳам хабар қилган эди. Ҳокимнинг қизи таъсисчилардан бири ҳисобланган My Flower компанияси эса 4 млрд сўмлик давлат харидларини қўлга киритган эди.

Зуҳриддин Қодиров мазкур иш бўйича материаллар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилганини маълум қилди.