Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Тошкентдаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси билан танишди, хабар берди ЎзА.

Ушбу марказ давлат раҳбарининг 23 июндаги Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида ташкил этилмоқда. Президент марказ номини Ислом цивилизацияси маркази, деб ўзгартириш таклифини билдирди.

Лойиҳага кўра, марказда академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиб, уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир мамлакатда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш, 300 ўринли конференция зали барпо этиш кўзда тутилган.

«Биз аждодларимиз билан доимо фахрланиб келганмиз, — деди давлат раҳбари. - Шундай экан, ўзимиз ҳам уларга муносиб бўлишимиз керак. Ташкил этилаётган марказда ҳам бунинг учун барча шароитларни яратиш, етук олимларни жалб қилиш лозим. Мазкур соҳага оид адабиётларни жамлаш, чет элларда бўлса, юртимизга олиб келиш чораларини кўриш зарур. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги диний йўналишдаги тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси ҳам марказ ихтиёрига ўтказилади. Бу ерда сабоқ берадиган ўқитувчилар билими ва савиясига алоҳида эътибор қаратиш даркор».

«Бу марказ бизнинг ислом дини тарғиботидаги юзимиз бўлади. Шундай экан, унинг ташқи кўриниши, бу ерда ишлатиладиган қурилиш материалларига ҳам эътибор қаратиш лозим. Одатдаги, кўзимиз ўрганиб қолган лойиҳалардан воз кечиб, янги шакл ва дизайн топишимиз керак», — деди Президент.

Марказ қурилиши муносабати билан бошқа жойга кўчириладиган аҳоли учун янги замонавий уй-жойлар барпо этиляпти.