8 апрель куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлатиб бўлинган, яроқсиз батарейкаларни йиғиш, қайта ишлаш масалаларига бағишлаб пресс-тур ташкил этилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар бермоқда.

Давлат экология қўмитаси ташаббуси билан «Тоза ҳудуд» ва «Махсустранс» ДУКнинг 701 та чиқиндиларни йиғиш пунктларида махсус идишлар ўрнатишни бошлаш топширилган эди.

Хабарга кўра, дастлабки батарейкаларни йиғиш учун мўлжалланган контейнерларни Тошкентда ва Фарғона вилоятида кўриш мумкин. Ушбу контейнерлар шакли ва кўринишидан батарейкаларни эслатади.

Фото: Давлат экология қўмитаси

«Бугунги кунда пойтахтда „Махсустранс“ ДУК нинг 530 та ва хусусий санитар тозалов компанияларининг 171 та контейнерлари пайдо бўлди. Контейнерлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда ва улар барча чиқиндиларни йиғиш жойларини қамраб олади», — дейилади қўмита баёнотида.

Маълумот учун, мутахассисларнинг ҳисоб — китобларига кўра, бир дона ташлаб юборилган ўртача соат батарейкаси 20 м2 ерни оғир металлар билан ифлослантириши мумкин.