Туркманистонда халқ итбоқари ва хизмат кўрсатган итбоқар унвонлари таъсис этилди. Уларга бир марталик мукофот пуллари ва ойлик пул маблағлари берилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Халқ итбоқари унвонига сазовор бўлганларга энг кам иш ҳақи (2021 йил 1 январдан 957 манат ёки 6 апрель ҳолатида тахминан 273 доллар)нинг 5 баравари миқдорида бир марталик мукофот ва ойлик, пенсия, нафақа ва стипендияларига энг кам иш ҳақининг 30% миқдорида ойлик устама қўшилади. Бу ҳақда президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тегишли қонунларини нашр этувчи «Нейтралний Туркменистан» газетаси ёзмоқда.

Туркманистоннинг хизмат кўрсатган итбоқар унвонини олганларга эса энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида бир марталик мукофот ва ҳар ой энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида устама берилади.

Мамлакатнинг халқ итбоқари унвони «Туркманистон мустақиллиги йилларида халқнинг миллий қадриятларидан бири бўлган туркман алабайларининг дунё миқёсидаги обрўсини оширишга катта ҳисса қўшган» шахслар учун берилади.

Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар унвони «туркман халқининг энг бой маданий меросининг ажралмас қисми бўлган туркман алабайларини боқиш ва наслини кўпайтиришда катта хизмат қилган» шахсларга берилади.

Ушбу мукофотлар Туркманистон фуқароларига, шунингдек, чет элликларга ҳам берилиши мумкин.