Наманган вилоятидаги махсус боғча тарбияланувчиси қайноқ сувдан куйиш натижасида вафот этди. Namanganliklar.uz нашрида эълон қилинган видеоматериалга Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Хабарда таъкидланишича, Давлатобод тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 31-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган, 2015 йилда туғилган Улуғбек Хошимов 5 февраль куни «ўзининг эҳтиётсизлиги натижасида муассаса сув тизимидаги иссиқ сув жўмрагини очиб юборгани» натижасида 2-даражали 65% куйиш тан жароҳатини олиб, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига ётқизилган.

Вояга етмаган Улуғбек Хошимов 2019 йилдан буён ушбу муассасада ақлий ривожланиши орқада қолиш ташхиси билан тарбияланаётганлиги маълум бўлган.

Маълумотларга кўра, олиб борилган тиббий муолажаларга қарамасдан, бола куйиш натижасида олган тан жароҳатлари оқибатида 24 февраль куни вафот этган.

Наманган вилоят СТЭБнинг 24 февралдаги 70-сонли хулосасида, марҳум Улуғбек Хошимовнинг ўлими — қайноқ сувдан бош, юз ва тананинг бошқа қисмларининг 2,3-даражали 70% куйиши асорати натижасида полиорган юрак қон-томир етишмовчилиги натижасида ўлимга олиб келганлиги ва мурда танасида куйишдан бошқа тан жароҳатлари аниқланмаганлиги кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлишига сабаб бўлса), 207-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.