Кубанинг Гуантанамо префектурасидаги ҳарбий базада жойлашган АҚШ қамоқхонасининг энг махфий бўлими ҳисобланадиган 7-лагердаги барча маҳбуслар бошқа бўлимга ўтказилди, дея хабар берди РИА Новости АҚШ жанубий қўмондонлиги маълумотларига асосланган ҳолда.

Ушбу қамоқхонада ҳозирда жами 40 нафар маҳбус сақланмоқда. Бироқ 7-лагерда қанча маҳбус сақлангани ҳақида маълумот берилмади.

7-лагер ёпилгач, эндиликда қамоқхонадаги барча маҳбуслар иккита лагерда (бунгача учта лагерда сақланган) сақланади, бу эса «қамоқхона харажатларини» камайтиради.

Маълумот учун, 7-лагер 2006 йилда ташкил қилинган бўлиб, икки йилгача унинг мавжудлиги сир сақланган. Лагер «жуда қадрли маҳбуслар» учун яратилган.

Гуантанамо қамоқхонаси 2001 йил 11 сентябрда рўй берган терактлардан сўнг 2002 йилда ташкил қилинган. 2003 йилда Гуантанамодаги қамоқхонада деярли 700 нафар маҳбус сақланган.