1 апрель куни Фарғона вилоятидаги Риштон ва Сўх туманини боғлаб турувчи Қирғизистон орқали ўтган йўлнинг очилиши режалаштирилган, дея хабар бермоқда ЎзА. Бунинг учун ушбу йўналишдаги чегара назорат-ўтказиш пунктлари тайёр ҳолатга келтирилди.

Сўх тумани юз фоиз Қирғизистон ери билан ўралган анклав ҳудуд ҳисобланади. Туман аҳолиси учун яқин йўл бўлган бу божхона чегара пости анча йиллар ёпиқлигича турган, сўхликлар вилоят марказига бориши учун узоқ йўл босиб ўтишган. Эндиликда эса қисқа масофада Сўхга кириб бориш мумкин бўлади.

11−12 март кунлари Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларининг очилиши муҳокама қилинган эди.