Англия-Швеция AstraZeneca компаниясининг COVID-19 га қарши вакцинаси номи 25 мартда Vaxzevria деб ўзгартирилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Таъкидланишича, бу бошқа ҳеч қандай ўзгаришларга олиб келмайди, аммо эмлаш бўйича мутахассислар унинг номи ўзгариши ҳақида билишлари керак. Чунки маҳсулот маълумотлари, маркировкалари ва қадоқлари бошқача кўринишга эга бўлиши мумкин.

Ном ўзгариши март ойида вакцинани олган одамларда тромбоз пайдо бўлиши ҳақидаги хабарлар фонида пайдо бўлди. Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари эҳтиёт чораси сифатида препаратни қўллашни тўхтатган эди.

Кейинчалик EMA мутахассислари AstraZeneca вакцинаси тромбоэмболик асоратларнинг умумий хавфини оширганлигини тасдиқламадилар.

Шунингдек, регулятор ўзининг хавфсизлиги ва самарадорлигини маълум қилди ва COVID-19 га қарши курашда препаратнинг фойдаси мумкин бўлган хавфлардан юқори эканлигини таъкидлади.