21 март куни Навоий вилояти Навбаҳор тумани «Совунгар» маҳалласида яшочи аёл қизлари билан биргаликда поезд остига ўзини ташлаган эди. Болалар яшаб қолди, аммо 31 ёшли она оламдан ўтди. Ушбу ҳодиса сабабларини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Навоий вилояти ҳокимлигига хат билан чиқди. Малика Қодирхонова.

Сенат матбуот хизмати маълумотларига кўра, З. Ж.нинг яқин қариндошлари билан суҳбатлашилганда, оилавий шароити моддий жиҳатдан ўртаҳоллиги, бироқ турмуш ўртоғи билан муносабатларда муаммо бўлгани аниқланган. У руҳий жиҳатдан соғлом бўлган.

«Сўнгги вақтларда у билан турмуш ўртоғи О.Рўзиев „Сен ўғил фарзанд туғмайсан“ деб жанжаллашиб турганлиги сабабли, унинг руҳиятида ўзгаришлар бўлганлиги, лекин қолган оила аъзолари ёки бошқа шахслар билан келишмовчиликка бормаганлиги, руҳий жиҳатдан соғломлиги, яқин қариндошлари орасида руҳий касаллик белгилари мавжуд бўлганлар йўқлиги аниқланган», — дейилади хабарда.

Ушбу маҳалла патронаж ҳамширасининг берган маълумотига кўра, фуқаро З.Жабборова 2021 йилнинг январь ойида ҳомиладорлиги туфайли мурожаат қилган. У тиббий кўрикдан ўтказилганда ушбу ҳомила ҳам қиз эканлиги аниқланган. Натижада аёл ўз хоҳиши билан ҳомиласини олдириб ташлаган.

Бундан ташқари, фуқаро З.Жабборова оиласидаги келишмовчилик юзасидан бирор маротаба МФЙ ходимларига ёки туман ИИБ профилактика инспекторига мурожаат қилмаганлиги аниқланди.

Айни вақтда Навоий транспорт прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди.