Тошкент шаҳри марказий кўчаларида экспериментал пулли автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрининг 10 та марказий кўчасида пулли автомобиль тўхташ жойлари тармоғини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Паркомат — шаҳар кўчаларида ва йўллар бўйлаб пулли автомобиль тўхташ жойларида махсус жихозланган ва йўл белгилар ва йўл чизиқлари билан белгиланган, автомобиль тўхташ жойида муайян вақтга автомобилни жойлаштириш вақтини ўлчаш учун мўлжалланган, пулли тўхташ жойи ҳисоблагичи бўлган механик, электрон ёки автоматик мослама ҳисобланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан бир ой муддатда паркоматларни ташкил этиш ягона электрон платформасини ишлаб чиқилади.

Паркоматларда:

  • ногиронлиги бўлган шахслар учун йўл белгилари ва йўл чизиқлари воситасида махсус ажратилган қисмларда ногиронлиги бўлмаган ҳайдовчилар автомобилни тўхтатиши;
  • паркоматлардан фойдаланганда ушбу хизмат учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги ва автомобиль белгиланган тартибда жойлаштирилмаганлиги аниқланганда, ўрнатилган тартибда ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслик ҳолатларига тенглаштирилади ҳамда маъмурий жазо қўлланиши учун асос ҳисобланади.

Паркоматлар учун тўлов автомобиль тўхташ жойлари талонлари ва (ёки) шартнома асосида нақд ҳамда нақд бўлмаган шаклда амалга оширилади.

Фойдаланувчи паркоматлардан фойдаланганда автомобилларни чизилган чизиққа қараб жойлаштиради.

Паркоматлар ёни ахборот таблолари билан жиҳозланиб, уларга қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • кўрсатиладиган хизматларга ҳақ тўлаш тартиби, усуллари ва тўлов миқдори;
  • паркоматдан фойдаланиш ва автомобиль махсус ажратилган жойга вақтинча қўйилганлиги учун тўлов ундириш ҳуқуқи берилган хусусий шерикнинг тўлиқ расмий номи ва жойлашган ери (почта манзили);
  • паркоматдан фойдаланиш қоидалари;
  • энг яқин ички ишлар бўлинмаси манзили ва телефон рақами;
  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳудудий бўлинма манзили ва телефон рақами.

Ҳайдовчи паркоматдан фойдаланиши учун олдиндан автоматик равишда автомобиль тўхташ жойи талонини олади.

Мазкур паркоматлардан фақат I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бошқараётган олд ва орқа ойналарига «7.17» йўл белгиси тасвири туширилган ҳамда ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ, ёнғин хавфсизлиги хизмати, тез тиббий ёрдамнинг махсус автомобиллари хизматларни ўтаётган вақтида бепул фойдалана олади.

24 соатдан ортиқ вақтга ўзбошимча ташлаб кетилган, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига ёки бошқа фойдаланувчиларга халақит берадиган ёхуд ҳақи тўланмаган автомобилларни ташиш учун тегишли Ички ишлар бошқармасини хабардор қилган ҳолда эвакуатор автомобили чақирилади.

Лойиҳа муҳокамаси 10 апрелга қадар давом этади.