Аввалроқ, пезидент фармони билан ССВ ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани ҳақида ёзган эдек. Айни шу ҳужжат билан пансионатлар раҳбар ва ходимларининг маошларини ошириш ҳамда пансионатда истиқомат қилувчи пенсионерларнинг пенсия миқдори оширилмоқда. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фармон билан 2021 йил 1 апрелдан:

«Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг:

  • раҳбар ва шифокорлари ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга;
  • ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маоши 2 баробарга;
  • бошқа барча ходимлар ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;
  • Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги марказий аппарати ходимларининг ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий комиссиялари ходимлари ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;
  • республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилади.

Шунингдек, 2021−2024 йилларда туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларида ишловчи ижтимоий ходимларнинг олий маълумот олиши учун республика ОТМларида мақсадли квоталар ажратилади.

2021 йил май ойидан «Саховат» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили бир марта санаторийларда бепул соғломлаштириш ташкил этилади.

1 апрелдан «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида 1 нафардан кутубхоначи штат бирлиги жорий этилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида бир ой муддатда замонавий физиотерапия бўлими ташкил этилишини ҳамда муассасада мавжуд тиббий ускуна ва жиҳозлар янгиланишини таъминлайди.

2021−2022 йилларда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун янги бино қурилади. Ушбу муассасага туташ ҳудудда эса Нуронийлар истироҳат боғи ташкил этилади.

Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактаблари 10−11-синф ўқувчилари, талабалар ва ёшлар иштирокида тиббий-ижтимоий муассасаларда «икки авлод» учрашувлари, таълим муассасаларида «кексалар маърифати» соати ўтказилади. Улар билан турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилиниб, қарияларнинг ҳолидан хабар олинади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 6 март куни Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатини бориб кўрган эди.Ташриф давомида Касаба уюшмалари федерациясига «Саховат» уйларидаги барча нуронийларни ҳар йили бир марта мамлакатнинг энг яхши санаторийларида соғломлаштириш вазифаси топширилганди. Қолаверса, «Саховат» ва «Мурувват» уйлари ходимларининг ойлик иш ҳақларини ошириш бўйича кўрсатма берилган эди.