25 март куни Ўзбекистон президентининг «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фармонга мувофиқ, ССВ ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли ягона давлат органи ҳисобланади. Агентлик ушбу тоифадаги аҳоли қатламларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади.

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари президент билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Агентлик тизимига:

  • «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари,
  • Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази,
  • Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳудудий реабилитация марказлари,
  • Уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий ва пансионатлар,
  • Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари,
  • Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази киритилди.

Бундан ташқари,"Саховат" ва «Мурувват» интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳам агентлик тизимига киритилади.

Шу билан бирга, агентлик ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ҳамда мутахассислар тайёрланишини ташкил этишда иштирок этади.

Агентлик муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлашда кўмаклашади, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилади ва мониторинг қилиб боради.

Бундан ташқари, агентлик одам савдосидан жабрланганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш ва психологик қўллаб-қувватлаш тизимини мувофиқлаштиради. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини ташкил этади.

Фармон билан 35 та муассасада 428 млрд сўмлик қурилиш-реконструкция ишларини олиб бориш ва уларни 40 мдрд сўмлик жиҳозлар ва техника билан таъминлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишни назарда тутувчи Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.