Президент Шавкат Мирзиёев 6 март куни Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатига ташриф буюрди. Ётоқхона ва даволаш хоналарида яратилган шароитларни кўздан кечирди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Мазкур пансионатда 138 нуроний давлат таъминотига олинган. Президент бу ерда маданий тадбирлар ўтказиш учун янги бино ҳамда пансионатга туташ 3 гектар майдонда Нуронийлар паркини барпо этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Шавкат Мирзиёев шу билан бирга, «Саховат» ва «Мурувват» уйларидаги шароитларни, тиббий-ижтимоий хизматларни яхшилаш масалаларини муҳокама қилди.

«Бугун бошқача учрашув бўлади. Фақат бу пансионат эмас, мамлакатимиздаги барча 34 та „Саховат“ ва „Мурувват“ уйини яхшилаш чораларини келишиб оламиз. Уларда жами 9 минг 700 ўрин мавжуд бўлиб, ҳозирда 8 минг 840 нафар нуронийларимиз яшаб, даволаняпти. Лекин бу уйларга ҳеч ким кирмаган, фақат байрамлардагина эсланган, тартиб, эътибор бўлмаган. Бундай инсонлар меҳр излайди, эътибор излайди. Уларнинг дуосини олсак, юртимизга барака ёғилади», — деди давлат раҳбари.

Бунинг учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигини Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Шароити оғир муассасаларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, тиббий ускуналарни янгилаш, замонавий физиотерапия бўлимлари ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

«Аввалги меъёрларни қайта кўриб чиқиб, бу жойларда яшаётган фуқароларимизнинг дориларини кўпайтириш, овқатлари сифатини ўзгартириш, таом тайёрлашда аутсорсинг тизимини йўлга қўйиш керак. Уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш учун яқин атрофдаги шифохоналар, мактабларни бириктириш ҳам мумкин. Бу ҳам эътибор, меҳр-оқибат. Бемор инсонларга эътиборни кучайтирсак, янаям соғаяди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.


Бундан ташқари, барча муассасаларга автобус совға қилиб, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларга саёҳатларини уюштириш, концерт дастурлари, ҳаваскорлик тўгараклари ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Касаба уюшмалари федерациясига «Саховат» уйларидаги барча нуронийларни ҳар йили бир марта Ўзбекистоннинг энг яхши санаторийларида соғломлаштириш вазифаси топширилди.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, «Саховат» ва «Мурувват» уйлари ходимларининг ойлик иш ҳақларини ошириш бўйича кўрсатма берди.