Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 март куни ўтказилган 2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида газ ва электр энергияси таъминоти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Биз бу йил электр ва газ тармоқларида узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ечиш учун жуда катта маблағ ажратдик. Бу соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилади», — деди президент.

Куз-қиш даврига қадар режалаштирилган ишларни амалга ошириш учун энергетика вазири Алишер Султонов, «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси раиси Улуғбек Мустафоев ва «Худудгазтаъминот» раҳбари Баҳодир Эшмуродов масъул этиб белгиланди.

Жорий йилда 5377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилаш белгиланмоқда. Бу мамлакатдаги маҳаллаларнинг 60 фоизини ташкил этади. Ушбу чора-тадбирларни молиялаштиришга қарийб 2,1 трлн сўм йўналтирилади.

Президент электр ва газ таъминоти соҳаларида энг катта муаммо — бу ҳисоб-китобнинг йўқлигида эканлигини айтди.

«Биз ҳозир АСКУЭ ва АСКУГ (электр ва газни автоматлаштирилган бошқариш ва ҳисобга олиш тизимлари — таҳр.) тизимини йўлга қўйяпмиз. Ҳозиргача ҳисоб-китоб бўлмагани учун бу соҳада пул тушуми ҳам бўлмаган. Мен ўйлайманки, коррупция қилиш учун бу соҳани ислоҳ қилишмаган», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Биз „қувурларни таъмирла, уларни қайта тикла“, деяпмиз, лекин қувурлар босимни кўтара олмай, портлаб кетаяпти. Мен 1958 йилда қурилган барча газ қувурларини алмаштириш бўйича қарор қабул қилдим», — дея қўшимча қилди президент.

У мазкур ишларни давлат хусусий шерикчилиги асосида амалга ошириш бўйича топшириқ берди. «Газ, свет бўлмаса қайси қишлоқ ёки маҳалла обод бўлиши мумкин? Қиш бошланганича бу амалга оширилиши керак», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Энергетика вазири Алишер Султонов сўнгги 4 йил ва 25 йилда соҳада амалга оширилган ишлар ҳажмини солиштирди.

«2016 йилгача 25 йил мобайнида бутун республика бўйича 9300 км электр узатиш тармоқлари қурилган ва 4800 та трансформатор ўрнатилган. Бу ишлар бутун тармоқнинг бор йўғи 4 фоизини ташкил этади. Сўнгги 4 йилда эса 25 минг км электр узатиш тармоқлари қурилди ва 8900 та янги трансформатор қўйилган. Бу ўтган 25 йилга нисбатан 2,5 бараварга кўп», — деди вазир.

Энергетика вазири электр энергия истеъмоли нафақат қишда, балки ёзда ҳам ошаётганини таъкидлади.

«Биз ўзимиз учун куз-қиш мавсуми деган нарсани унутдик. Халқ ёзда ҳам кондиционерларни ишлатаяпти, шунга электр энергия тизимида Тожикистон билан узилган линияни тиклаймиз. „Переток“ вақтида улардан электр энергияни олиб, уларга керак пайтида қайтариб бериш тизимини йўлга қўямиз. Қозоғистон ва Қирғизистон билан ҳам шундай ишлаймиз», — деди Султонов.

Алишер Султонов Марказий Осиё давлатларининг газ тақсимловчи ягона мувофиқлаштирувчи маркази ҳам Тошкентда жойлашганини эслатиб ўтди.

Вазир шунингдек, жорий йилда 678 та «қониқарсиз» маҳаллаларда кафолатланган газ таъминотини йўлга қўйиш учун 958 км газ тармоқлари ва 3232 та газ тақсимлаш пунктлари ўрнатилади. Суюлтирилган газ истеъмолчиларига 11 192 дона қўшимча маиший газ баллонлари тарқатиб берилади.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 508 та газ қувурлари таъмирланади ва 1677 та газ тақсимлаш пунктлари таъмирланади.

«Шу чора-тадбирларни амалга ошириш учун жами 400 млрд сўм ажратилган. Бундан ташқари, магистрал газ тимизларида 617 миллион долларлик лойиҳаларни — шу йилнинг октябрь ойигача амалга оширамиз. Кеча сиз (президент — таҳр.) айтганингиздек, шундан 200 млн доллари ҳал бўлди. Қолган пулларига келадиган бўлсак, биз тарихда биринчи марта газ етказиб бериш соҳаси ва газ компрессор станцияларида давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз, яъни тўғридан-тўғри инвестициялар пайдо бўлади», — деди Султонов.

Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистоннинг қишки мавсумда «тўлиқ шимол тарафдан газни марказга ҳайдашга имконият беради».

«Газ қувурларининг бир хиллари 1958 йилда қурилган. 12 мм бўладиган қувур деворлари бир хил жойларда 1,5−2 ммгача келиб қолган. Буж уда ҳам ҳавфли. Ўшанинг учун биз босимни кўтара олмай, бор газни ҳам ҳайдашга бизда имкон бўлмаган», — деди Алишер Султонов.

Вазир мамлакатда октябрь ойига қадар 455 км газ қувурлари алмаштирилишини маълум қилди.

Аввалроқ, «Газета.uz» жорий йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ҳамда ипотека дастурларини молиялаштиришга 3 млрд доллардан зиёд маблағ йўналтирилиши ҳақида ёзган эди. Президент ушбу маблағлар ташқи қарз кўпаймаган ҳолда ажратилишини маълум қилди.