24 март куни кечки соат 23:15 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлими шифокори маст фуқаро томонидан калтакланди.

ССВ хабарига кўра, пойтахтнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида шифохонага текширувга олиб келинган.

Беморнинг онаси токсиколог хонасида ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Тoшпўлатовага ўғли бир неча кундан бери спиртли ичимлик ичаётганини маълум қилган.

Навбатчи шифокор ўша вақтда бошқа беморни тиббий кўрикдан ўтказаётганлигини ва бундан сўнг уларни ҳам қабул қилиб, керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган, дейилади хабарда.

Шунга қарамай, беморнинг онаси тиббиёт ходимларига нисбатан турли ҳақоратли ва туҳмат сўзлар билан эътироз билдира бошлагани айтилмоқда. Бемор, маст ҳолдаги У.Н. тўсатдан шифокор Тoшпўлатовага оғир тан жароҳати етказган.

У ҳозирда кучли карахтлик ҳолатига тушиб қолган ва оғир аҳволда. Шифокорда бош мия шиши асорати кузатилмоқда.

«Шифокор „қўшма краниофациал жароҳат. Oғир даражадаги бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия оғир даражада лат ейиши. Субарахноидал қон қуюлиши. Бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши. Энса ва бурун соҳаларни юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Назогеморрея“ ташхиси билан нейрореанимация бўлимига ётқизилди», — деди ушбу марказ директори Дониёр Алимов.

Фото: ССВ.

Марказ раҳбарининг айтишича, «у атрофдагиларга секин реакция бериб, мулоқотга киришишга қийналмоқда».

Хизмат вазифаси вақтида бемор томонидан ноҳақ калтакланган шифокор Н.Тoшпулатова 2017 йилдан буён шифокор-токсиколог лавозимида ишлаб келмоқда, ўз хизмат вазифасини клиник протоколларга риоя қилиб, талаб даражасида бажариб келган.

«Газета.uz»да мавжуд маълумотларга кўра, шифокорни калтаклаган эркак ҳозирда қўлга олинган, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

ССВ ҳуқуқ-тартибот органларидан жамиятда кўпчиликни ўйлантираётган бундай иллатларга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали усулларини жорий этиб, шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишларини талаб қилади, дейилади хабарда.