Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси раҳбари Диёр Имомхўжаев Sports.uz нашрига берган интервьюсида «Сўғдиёна» — «Турон» учрашувида ҳакам билан содир бўлган ҳолат юзасидан фикр билдирди. Имомхўжаев ҳакам шу йўл билан футболдаги ўзгаришларга тупургани, футболдан кетган айрим инсонларга содиқлигини кўрсатганини айтиб ўтди.

«У ҳакам, адашмасам, 47 ёшда. Шахсий фикримча, у атайлаб қилди. Футболдаги фаолиятини яқинда тугатадиган инсон у. Мен уни бу нарсани пул олиб қилди, деб ўйламайман. Шунчаки, ҳакам янги ўзгаришларга тупуриб кетди. Ўтган йили кўп ҳакамлар футболдан четлатилди. Бу ҳаммага ҳам ёқимли эмас, кимлар учундир ёқимсиз ҳолат. Кимларнингдир яқинлари кетди. Ҳакам шу орқали ўша одамларга ўзининг садоқатини кўрсатиб кетди. Мен шунақа ҳисоблайман. Ёшроқ ҳакам бундай қилмас эди, чунки у кейинги фаолиятини ҳам ўйларди. Бу ҳакам ўзининг кейинги фаолияти йўқлигини билгани учун шу ишни қилиб кетди», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Сўғдиёна» — «Турон» учрашувида содир бўлган баҳсли пеналти бўйича «Турон» бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўйиндан кейин кескин фикрларни айтган эди. Шундан сўнг, Исломбек Исмоилов ҳамда ўша ўйинни бошқариб борган бош ҳакамга нисбатан жазо чораси қўлланилган.