14 март куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси доирасида 2-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Жиззах шаҳрида вилоятнинг бош жамоаси «Сўғдиёна» Яйпаннинг «Турон» клубини қабул қилди. Ушбу ўйин жиззахликларнинг 1:0 ҳисобида ғалабаси билан якунланди. Ўйиндаги ягона голни 52-дақиқада Шоҳруз Норхонов пенальтидан киритди.

Ўйиндаги эсда қоларли вазият сифатида айнан киритлган гол бўлишдан аввалги, пеналти белгиланган вазият бўлди. Унда «Сўғдиёна» футболчисининг берган зарбаси «Турон» футболчисининг бошига тегди. Бироқ ўйинни бошқариб борган бош ҳакам Виктор Серазиддинов ушбу вазиятни пенальти, дея баҳолади.

Учрашувдан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжумани «Турон» жамоаси бош мураббий Исломбек Исмоилов бу каби ҳолатлар қачонгача давом этишини, футболдаги коррупция йўқолмаётгани, унга қарши қачонгача курашиш мумкин эканлиги каби фикрларни билдирди.

«Буларга ким чора кўради? Бу нарсаларга қачонгача чидаш мумкин? Тозалаймиз, дейишяпти, шуми тозалагани? Икки ўйиндан бери умуман футбол йўқ. Ҳуштак, ҳуштак, ҳуштак!!! Ким буларга чора кўради? Бир жамоада 70−80 нафардан ошиқ ходим меҳнат қиляпти. Бола-чақасини боқаман деяпти. Учта одам эса „калласини олиб ташлаяпти“. Aдолат шуми? Шуми Ўзбекистонда адолат? Қачонгача коррупсияга қарши курашиш мумкин?», — дейди «Турон» жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси раҳбари Диёр Имомхўжаев кейинги турда Яйпанда VAR тизими бўлиши, жамоа бугунги кунгача солиқ органлари сабаб азият чекаётганини айтиб ўтди. «Бу кетишда мисқоллаб йиғаётган хусусий клубларимизни ҳам йўқотиб қўйишимиз мумкин», — дейди Имомхўжаев.

«Газета.uz» «Сўғдиёна» — «Турон» учрашувидаги ҳакамлик ва ундан кейинги жараёнлар ҳақида Ўзбекистон футбол ассоциациясидан изоҳ сўраш учун боғланмоқчи бўлдик, бироқ ЎФA қўнғироқларга жавоб бермади.