Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Тошкент вилоятининг Чиноз туманига келиб, сув хўжалигида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечиргани ҳақида хабар берган эдик.

Давлат раҳбари хўжалик фаолияти билан танишиб бўлгач, ОАВ вакиллари билан суҳбатлашди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Президент Тошкент вилоятида аҳоли 2 млн 994 минг нафардан иборатлиги, уларнинг 149,5 минги эса ишсиз эканини таъкидлаган. Шундан 95 минг нафари хорижда экани айтилган.

«Менинг энг катта мақсадим ҳар бир туманнинг ўсиш нуқтасини топиш. Тошкентда кабинетда ўтириб эмас, пастда юриб буни амалга ошириш. Мисол учун, биз сизлар билан бирга Наманган вилоятида бўлдик. Наманганда ер ҳам, сув ҳам, имконияти ва инфраструктура ҳам йўқ. Мана ўзларинг кўраяпсизлар, бу ерда қандай бепаён ер, сув, инфраструктура бор. Битта Чиноз туманининг ўзида 136 минг аҳолимиз яшайди. Туман аҳолиси ишсиз бўлиши мумкин эмас. Нимага десангиз, Чиноз қишлоқ хўжалигида жуда катта имконият бор. Битта тадбиркорнинг ўзи 800 гектар ерни сувини ҳам таъминлашини айтаяпти. Жорий йилда Чиноз тумани ўртача 35 центнер пахта оладиган бўлса, у „Андижон 72“ навини олиб келиб, 60 центнер пахта қиламан деяпти. Ундан қанча-қанча маҳсулот, мато, костюм-шим, болалар кийими ва бошқалар ишлаб чиқарса бўлади», — деди у.


Давлат раҳбари Тошкент вилоятида янги тажриба амалга оширилишини маълум қилди.

«Сизлар [ОАВ вакиллари] билан бугун, эртага бирга юрамиз, мажлис ўтказамиз, Чирчиққа борамиз, одамлар билан учрашамиз. Мақсадимиз Тошкент вилоятини мутлақо бошқача йўл харитасини тузиш. Тошкент вилоятида „туманбай“ ишлаш бўйича тажриба ўтказамиз. Эртага сайланадиган ҳоким фақат ва фақат 1048 та маҳалла дарди билан яшаш тизими бўйича ишлайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент журналистларга юзланар экан, уларга ишонишини яна бир бор таъкидлади.

«Бир йил олдин сизлар шундай эдингларми? Ҳаммамиз шундай эдикми? Ҳамма танқид қилишни билади, лекин уч йил олдин ОАВга муносабат қандай эди? Мен Наманганда айтган эдим, сизларни орқаларингда президент турибди. Яна қайтараман, мен сизларга ишонаман, албатта, адолатли ҳақиқатни халқимизга етказиб берасизлар. Лекин биз кўп нарсани биргаликда ўрганаяпмиз. Сизларни ҳам савияларинг ошаяпти, халқимизни ҳам савияси, ишончи ошиб бораяпти. Бирор масалани адолатли кўтариб чиқиш учун сизларнинг ҳам билим, ҳам илимларинг, тажрибаларинг, таҳлил қилиш қобилиятларинг мунтазам ўсиб бориши керак. Ҳар бир айтилаётган гапнинг борини, ростини етказиш керак. 2 йил олдин қанақа эди, 20 йил аввал қандай эди?», — дея қайд этган давлат раҳбари.