17 март тунда Ўзбекистонга Ҳиндистондан 660 минг доза коронавирусга қарши Covishield вакцинасидан (лицензия бўйича Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинасининг маҳаллий номи) иборат гуманитар ёрдам етиб келади, дея хабар берди Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати.

Ушбу препаратларнинг умумий миқдори 1,98 млн долларга тенг бўлиб, Тошкент халқаро аэропортига соат 1:55 келиб тушади. Вакцина Ўзбекистонга ЮНИСEФ томонидан COVAX дастури доирасида бепул етказиб берилади.

Февраль ойи охирида Ўзбекистонга ЮНИСEФ томонидан вакциналарни ташиш учун 223 та махсус транспорт воситалари юборилган эди.

Аввалроқ, Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 2,6 млн доза AstraZeneca вакцинаси юборилиши ҳақида хабар берилган эди.

Бироқ Европанинг бир қатор мамлакатлари эҳтиёткорлик чораси сифатида AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни вақтинчалик тўхтатиб қўйди.