23 февраль куни ЮНИСЕФ томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та Miniven-Labo автомобилларитопширилган эди.

Машиналарнинг умумий қиймати 2 млн долларни ташкил этади. Ушбу маблағ Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянси (ГАВИ) томонидан соғлиқни сақлаш тизимини мукамаллаштириш доирасида ажратилган.

Ижтимоий тармоқларда ушбу транспорт воситаларидан бир нечтаси ЙТҲга учрагани акс этган видеотасвирлар тарқалди.

Ушбу ҳолат бўйича ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматимуносабатбилдирди. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа соат 11:30 ларда, Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Нукус ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳа яқинида содир бўлган.

«Changan» русумли автомобиллар ССВ томонидан ҳудудий бошқармаларга фойдаланиш учун олиб кетилаётган бўлган. Колоннада ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчилардан бири кескин тормоз босган ва оқибатда унинг ортидаги 6 та автомобиль ҳам кескин тормозланиши юзага келган.

Ҳодиса натижасида 2 та автомобиль техник шикастланган. Тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда суриштирув олиб борилаётгани ва ҳодиса сабабига ойдинлик киритилаётгани айтилди.

«Газета.uz» га Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати машиналарда вакциналар бўлмаганини маълум қилди. Тақдимот маросимидан сўнг машиналар ҳудудларга йўл олган эди.

ЮНИСEФ ваколатхонасининг таъкидлашича, машиналар ҳукуматга топширилганлиги сабабли, фондда воқеа тўғрисида батафсил маълумот йўқ. «Аммо шуниси маълумки, совға қилинган 223 та транспорт воситаларининг оз миқдори ЙТҲга учраган ва машиналарга етказилган зарарни қоплаш мумкин. Совға қилинган транспорт воситалари „вакциналарнинг адолатли тақсимотини таъминлашда“ катта роль ўйнашига ишонч билдиради», — дея таъкидлади фонд.