Ўзбекистон ва Қирғизистон устав капитали $50 млнлик қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этади. Келгусида унинг устав капиталини 200 млн долларга етказиш ҳам режада бор.

Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Қирғизистон бош вазири ўринбосари, молия ва иқтисодиёт вазири Улукбек Кармишаков айтиб ўтди.

Бу борада 11 март куни Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг расмий ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбек — Қирғиз бизнес форумида баёнот берилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Сардор Умурзаков.

Сардор Умурзаковнинг таъкидлашича, янги ташкил этиладиган жамғарма "ўзаро ҳамкорлигимиз ривожланишининг катализаторига айланади". Инвестиция жамғармаси бир қатор янги қўшма лойиҳаларни, биринчи навбатда, саноат кооперацияси соҳасидаги ишларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, дея қўшимча қилди. «Бу бугун биз фойдаланишимиз керак бўлган ўсиш нуқтасидир», — дея қайд этди бош вазир ўринбосари.