9 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу билан учрашуви ҳамда икки мамлакат ТИВ раҳбарлари бошчилигида Стратегик режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида бўлажак қўшма тадбирларга, хусусан, олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар 2020 йил февраль ойида Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг учрашув ва музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошаётганини мамнуният билан қайд этишди.

Йиғилишда вазирлар парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича, шунингдек, илмий-таълим соҳасидаги шерикликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Ўзбекистонда Бахчешеҳир университети филиалини очиш, шунингдек Хўжа Байрам Вали номидаги университет билан биргаликда Фарғона олий туризм мактабини ташкил этиш бўйича фикр юритилди.

Туркия томони «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция, «Шарқ тароналари», бахшичилик санъати, ҳунармандлар халқаро фестиваллари ва бошқа тадбирларга таклиф қилинди.

Йиғилиш якунлангач, икки мамлакат ташқи сиёсаий идоралари раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022−2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва Таржима хизматлари соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолашди.